Киномарказ экспертлари: кинотеатрлар яна зарар кўряпти

Киномарказ экспертлари: кинотеатрлар яна зарар кўряпти

Киритилган чекловлар туфайли кинобизнес яна зарба остида қолди. Пойтахт кинотеатрлари раҳбарлари жуда катта зарар кўраётгани таъкидланмоқда. Рақамларга келсак, сўнгги йил давомида заллардаги томошабин жойлари 2 марта камайди, энди эса умуман ишлаш тақиқланди. Ваҳоланки, тадбиркорлар барча меъёрларга риоя этмоқда: ходимлар эмланган, залларда кварц ишлатилади, масофаланиш ва ниқоб тизимига риоя этилади, ҳатто ASHYQ тизими жорий этилган.

Дмитрий Кириенко, кинотеатр тижорат директори:

- Табиийки, бизнес зарар кўряпти, бизда меҳнат қилаётган ишлашга эҳтиёжи бор ёшлар кўп, ҳаммасини кинотеатрлар очиқ бўлса ҳам, ёпилса ҳам, иш билан таъминлашимиз зарур. Булар кредитор, савдо марказлари соҳиблари билан муносабатларимизга таъсир қилмоқда. Бу вазиятда энг ёмон жиҳат: субъектив ёндашув мавжудлиги, қарорлар турли шаҳарларда турлича, бир-биридан фарқ қиладиган шаклда қабул қилиниши.

Дмитрий Кириенко айтишича, бу - Нур-Султонда кинотеатрлар учинчи марта ёпилиши. Биз нотиқдан интервью олган Алмати шаҳрида улар ҳали ишлаб турибди. Интервью давомида у тўсатдан чекловлар киритилиши туфайли бизнес тикланишга улгурмаётганини тилга олди. Айни вақтда, кинопрокатдагилар томошабин камлиги туфайли яхши кунлар келишига умид қилган ҳолда йирик картиналарни экранларга чиқармай турибди. Кинони қўллаб-қувватлаш марказида таъкидлашларича, тадбиркорларга йўл берилмаса, ишини тўхтатиши мумкин.

Бауиржан Шукенов, кинони қўллаб-қувватлаш маркази раҳбар ўринбосари:

- Йил охиригача ҳукумат кинотеатрларга қандайдир ёрдам кўрсатиш йўлини топа олмаса, камида 2025 йилгача соҳа 2018-2019 йилги даражага ета олмайди. Албатта ёрдам керак, яқин қўшниларимизда бу борада етарлича тажриба бор. Ҳар қандай киносаноат асосини кинотеатр ташкил қилади, уларда мустақил продюсерлик компаниялари ва давлат томонидан ишлаб чиқариладиган барча киномаҳсулотлар учун олинадиган даромаднинг асосий қисми қўлга киритилади.

Айни вақтда, билет сотиш даражаси пасайишда давом этмоқда. Йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, кинотеатрлар пандемиягача бўлган вақтларда 2 ойда олинганича ҳам даромадни қўлга киритолмади. Бундан ташқари, Қозоғистонда янги фильмлар суратга олиш учун 10 миллиард тенге сарфланган, улар ўрни қопланиши эса амримаҳол.

Бауиржан Шукенов, кинони қўллаб-қувватлаш маркази раҳбар ўринбосари:

- Бу фильмлар прокатга чиқиши керак, биз уларни қаерда намойиш қилиш мумкинлигини белгилаб ололмаяпмиз. Кинотеатрларда вазият жуда оғир. Йилнинг биринчи ярмида заллар атиги 15 фоизга тўлди, ваҳоланки, камида 25 фоиз бўлиши режалаштирилганди. Хулоса ўзингиздан.

Бугунги кунда Қозоғистонда ҳали ёпилмаган кинотеатрлар сони юзтага етмайди. Улар ҳукуматдан ёрдам сўраяпти. Энг кўп зарар кўраётганлар эса пойтахт тадбиркорлари. Айтмоқчи, Нур-Султон шаҳри бош санитар-врачи бу масалани муҳокама қилмаяпти, заллар очилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай гап йўқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси