Пойтахт куни онлайн байрам қилинади

Пойтахт куни онлайн байрам қилинади
elorda.info

Пойтахт куни – онлайн! Жорий йилда қозоғистонликлар кўнглига манзур бўлган байрам формати мутлақо ўзгаради. Коронавирус пандемияси ва янги, Ҳиндистон штамми тарқалиши эҳтимоли туфайли тадбирлар масофадан ўтказилади. Бир қисми бекор қилинади. Бу сафар байрам мушакбозлиги ҳам ташкил этилмайди.

Салтанат Муксимова, Маданият бошқармаси бўлим раҳбари, Нур-Султон шаҳри:

- Ёпиқ бинолар ва концерт залларида оммавий байрамлар тақиқланган. Шунингдек, парклар ҳудудида жойлашган очиқ осмон остидаги барча турдаги аттракционлар ҳам ишини тўхтатиши эълон қилинди. Қатор тадбирларни барча қатъий карантин чораларига риоя этган ҳолда, очиқ ҳаво остида, Ashyq иловасидан фойдаланиб ташкил этиш мумкин.

Шаҳар раҳбарлари байрамни очиқ ҳавода ўтказишга чақирди. Ҳатто шаҳар архиви байрам кунлари учун очиқ осмон остида кўргазма ташкил этди. Тарихий бино атрофидаги тўсиққа шаҳар ривожланишидаги муҳим воқеалар фотосуратлари осиб қўйилди. Шу тариқа, ўтган-кетганлар экспозицияни томоша қила олади.

Мейрам Бектембаев, Давлат архиви директори, Нур-Султон шаҳри:

- Жуда қизиқарли ва ноёб ҳужжатлар қўйилди. Ушбу кўргазмани ташкил қилишда бизга президент архиви ёрдам берди, чунки уларда ҳеч қаерда йўқ ҳужжатлар, фото ва видеоматериаллар бор. Буларнинг барчаси шаҳар аҳли ва меҳмонларига Нур-Султон шаҳри тарихини ҳикоя қилади.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, жорий йилда шаҳар кунини ўтказишда ижтимоий йўналишга зўр берилади. Масалан, навбатда турганларга 400 квартира калити топширилади. Эслатамиз, пойтахт куни 6 июлда – Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев туғилган кунда нишонланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×