Жажжи қозоғистонликлар учун бепул тўгараклар

Жажжи қозоғистонликлар учун бепул тўгараклар

Ёш авлод учун тўгарак ва секцияларда қатнашиш имкониятлари кенгаймоқда. Мамлакатда болаларни ривожлантиришга қаратилган дастурларни молиялаштириш дастури иш бошлади. Уларга бепул, давлат ҳисобидан қатнаш мумкин. Дастур бошланганидан буён ўтган 2 ой ичида 5 минг нафар ота-она ва 400 дан зиёд ташкилот ариза билан мурожаат этди. Ваҳоланки, жорий йилда ушбу мақсадда 83 минг бола учун ўрин ажратилган. Бир бола 2 та бепул тўгарак ёки секцияга қатнаши мумкин.

Даурен Жусупназаров, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи:

- Бизда жон бошига молиялаштиришни кўзда тутган сайт, портал бор, EDU.kz деб аталади, ота-оналар унга кириб, рўйхатдан ўтиши, сўнгра фарзандини ҳам киритиши зарур. Минтақа, йўналишларни танлайди. Дейлик, спорт йўналишини. Сўнгра шу сайтнинг ўзида рўйхатдан ўтган хизмат кўрсатувчилар рўйхати чиқади. Мавжуд ташкилотлар ичидан ота-оналар фарзандлари учун зарурини танлаб олади.

Кумис Сеитова, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги маданият қўмитаси раис ўринбосари:

- Кўзда тутилган эзгу мақсад – болаларимиз қобилиятларини ўстириш, ижодини ривожлантириш, болаларни маданий тарбиялаш учун бепул тўгараклар билан таъминлаш. Ўйлайманки, бу ишимиз самара беради.

Малакаси жиҳатдан саралаш босқичини ортда қолдирган ташкилотлар қаторида пойтахт рақс ва ижод студияси ҳам бор. Улар ҳозирча 2 та йўналишда хизмат қилади. Ярим соат ичида ўринлар тўлди. Бир қанча тўгараклар вазирлик тасдиғини кутяпти. Дастурнинг асосий ижобий жиҳати – тўгараклар ҳовлиларда, болалар пиёда бора оладиган жойларда эканлигида, дейди мактаб раҳбари Лана Бўлат.

Лана Бўлат, рақс ва ижод студияси раҳбари:

- Берилган ўринлар бир зумда тўлиб қоляпти. Талаб катта, ота-оналар кутяпти. Ўрин олиш учун портални мунтазам кузатиб боришади. Мен бу ишни келажагимиз, фарзандлар истиқболи учун қилинаётган катта инвестиция, деб ҳисоблайман. Соғлом, яхши тарбияланган, мақсад сари интилувчи авлод етиштирамиз.

Кичкина Арина 2 йилдан буён рассомчилик ва шахмат тўгаракларига қатнайди. Қиз бадиий гимнастикага ҳам ҳавас қилади, лекин учинчи тўгаракка ота-она пул тўлай олмасди. Ижодий тўгараклар хизматига ҳақ тўланиши Кручинина оиласи аъзоларини қувонтирди ва, балки Қозоғистоннинг бўлажак гимнастика юлдузи тақдирини ҳал этди.

Марина Бас, Аринанинг бувиси:

- Давлат болаларимиз, оилаларимиз ҳақида ғамхўрлик қилаётгани жуда яхши. Биз шахмат ва тасвирий санъат билан ҳам шуғулланамиз, бадиий гимнастикага ҳам борамиз. Қизалоқ жуда чаққон, ҳаракатчан. Мана, энди 3 йўналишга бемалол қатнай оламиз. Оиламиз учун катта ёрдам бўлди.

Хизмат кўрсатувчиларга қўйиладиган асосий талаб – малакали кадрлар, талабларга жавоб берувчи ўзига қарашли ёки камида бир йил олдинга ижара шартномаси тузилган бино бўлиши ҳисобланади. Ҳозирча мегаполислар жуда фаол. Мутахассислар айтишича, дастурни ҳамма ҳам билавермайди. Шунинг учун порталда танлаш имконияти у қадар кўп эмас. Ишлар давом этяпти. Ҳар куни турли ташкилотлардан ва ота-оналардан аризалар келяпти. Амалдорлар фикрича, молиялаштириш тобора кўпаяди. Мақсад: 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган кўпроқ сонли болаларни қамраб олиш.

Абдумалик Сарманов таржимаси