Қозоғистонда 3-таълим технологиялари форуми ўтмоқда

Қозоғистонда 3-таълим технологиялари форуми ўтмоқда

Эскича ёндашишдан таълимдаги янги парадигмагача. Қозоғистонда учинчи таълим технологиялари форуми давом этяпти. Бу сафар мазкур тадбир онлайн шаклда ўтказиляпти, демак, унда барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин. Ташкилотчилар бир майдончада 5 мингдан зиёд манфаатдор тингловчини тўплашни режалаштирган. Таълим соҳасидаги янги трендларни муҳокама қилиш учун жаҳоннинг турли қисмларидаги 40 дан зиёд таниқли спикерлар келди. Улар келажак таълимига ўтиш учун зарур кўприкчани топишга уринишди.

Сўзга чиққанларнинг фикрича, бу соҳада аввало педагоглар билимини оширишга асосий эътибор қаратиш зарур. Иштирокчилар «Келажак мактаби қандай қурилади?» саволига жавоб ахтарди, мактаб партасидан директорлар кенгаши аъзоси курсисигача қандай бориш мумкинлиги, таълимдаги ўзгаришларни муҳокама қилишди. Анжуман масофадан олиб борилганига қарамай, иштирокчилар мастер-классларда қатнашди.

Эльмира Обри, “Астана” халқаро молиявий маркази узлуксиз профессионал таълим бюроси раҳбари:

- Келажак таълимига ўтишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш учун бизга нима керак? Янги шароитларда қандай ишлашимиз зарур? Биз дунё аввалгидек қолмаслигини биламиз. Нималарнидир ўзгартиришимиз ва ўзгаришимиз лозим. Пандемия ва янги авлод талаблари таълим тизимига қатор янги талабларни қўймоқда. Келажакда қайси касбларга талаб кўпайишини билмаймиз. Одамлар ҳар қандай соҳада ҳам ўзгаришларга мослаша олиши учун уларга қандайдир малакалар бериш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси