Қозоғистонлик ижодкор ҳайкаллари интернетда машҳур

Қозоғистонлик ижодкор ҳайкаллари интернетда машҳур

Бу ерда креатив ғоялар ва янги ҳайкаллар туғилади. Улар орасида Абай Қўнонбоев, Махамбет ва Исатай, шунингдек, бошқа тарихий шахслар тасвирлангани ҳам бор. Пойтахт яқинидаги цехда таниқли қозоғистонлик ҳайкалтарош Бўлатбек Салаев меҳнат қилади. Ёш рассомнинг бисотида ўнлаб муваффақиятли ишлар бор, уларни мамлакатнинг турли қисмларида кўриш мумкин.

Бўлатбек Салаев, ҳайкалтарош:

- Ҳайкалларимиз Алмати, Нур-Султон, Қўстанай, Ақтау, Атирау шаҳарларида мавжуд, ҳатто туманларда бор.

Бу ҳозир. Кўпчиликка танилишдан аввал ижодкор узоқ вақт давомида оёққа турган. Унда санъатга муҳаббат уч ёшида уйғонган. Таълим олгач, тажриба орттирди. Сўнгра йирик ташкилотлар ҳамда турли даражадаги ҳокимликлар буюртмаларини бажара бошлади.

Бўлатбек Салаев, ҳайкалтарош:

- Турли материаллардан фойдаланилади. Бронза, гипс, шиша-пластик, баъзида ёғочдан ясаймиз. Ҳаммаси буюртмага боғлиқ.

Шундай дурдоналар яратиш учун уста 5 метрдан баланд бўлган нарвонлардан фойдаланади. Лекин ҳар қандай иш аввало чизмалардан бошланади ва бир қанча босқичдан ўтади. Баъзида битта ҳайкал яратиш учун 3 ой кетади.

Бўлатбек Салаев, ҳайкалтарош:

- Асосий ишни бошлашдан аввал кичкина нусхасини ясаб оламиз. Шундан кейингина катта ҳайкал яратилади. Таниқли шахс ҳайкали ишланаётган бўлса, фотосуратини оламиз, шунчаки она ва бола ҳайкали бўлса – ўзимиз ижод қиламиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, Бўлатбек Салаевнинг виқорли асарлари акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетди. Ижодкор 40 дан зиёд ҳайкал муаллифи. Келажакда янада кўпроқ яратиши шубҳасиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси