«Буюк Дашт тонги» фильми суратга олинмоқда

«Буюк Дашт тонги» фильми суратга олинмоқда

Қозоғистонда Қасимхан ҳақида фильм суратга олинмоқда. Тарихий картина «Буюк Дашт тонги» деб номланган. Асар Қасимхан шахси шаклланиши ҳақидагина эмас, унинг қозоқ хонлиги гуллаб-яшнаши ва мустаҳкамланиши йўлидаги кураши тўғрисида ҳам ҳикоя қилади. Бош қаҳрамон ролини бир йўла икки актёр ижро этади, ёш хон ролида Данияр Ўразаев, етуклик давридаги образини Берик Айтжанов жонлантиради. Умуман, таркиб машҳур актёрлардан иборат. Фильмда Ерик Жўлжақсинов, Нурлан Алимжанов ва Тунғишбай Жаманқулов каби тажрибали ижодкорларни кўриш мумкин.

Данияр Ўразаев, актёр:

– Тарихий фильмда суратга тушиш – қизиқарли, лекин, шундай бўлса-да, елкангизда катта масъулият ётади. Тасвирга олиш ишлари 2-3 ойдан бери давом этмоқда. Съёмка жараёни қизиқарли. Қасимхан образини очиб бериш мушкул. Албатта, мен у ўзига хос феъл-атворли, ҳукмфармо, жасур, қатъиятли, руҳан кучли одам бўлганини тасаввур қиламан, албатта, бу - султон.

Тасвирга олиш ишлари Алмати вилоятида, Қапшағай шаҳри яқинида бўлиб ўтмоқда. Режиссёр Ақан Сатаев айтишича, июль бошларида гуруҳ Кеген қишлоғига кўчади, у ерда овул кўчишига бағишланган саҳналар суратга олинади. Ундан сўнг ижодий таркиб Или дарёси ҳудудига йўл олади.

Акан Сатаев, режиссёр:

– Лойиҳа «Ұлы дала таңы» - «Буюк Дашт тонги» деб аталган, буюк аждодимиз Қасимхан тўғрисида. Тасвирга олиш гуруҳимиз 300 кишидан иборат. Айни пайтда 41-смена, 41-иш кунимиз.

Қасимхан пухта ўйланган, узоқни кўзловчи қарорлари, оқилона сиёсати билан тарихда қолган. Таъкидлаймиз, фильм тақдимоти декабрда, Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигида ўтказилиши режа қилинган.

Абдумалик Сарманов таржимаси