Қозоғистон ва БАА ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Қозоғистон ва БАА ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик кенгайиши кутиляпти. Нур-Султон шаҳрида икки мамлакат вакиллари бу соҳада биргаликда ишлаш мақсадида меморандум имзолади. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида кўзда тутилган стратегик дастурларни рўёбга чиқаришда йўлга қўйилган шерикликни мустаҳкамлаш ниятида. Буларнинг ҳаммаси икки давлат ўртасида инвестициявий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Марям бинт Муҳаммад Ал Мҳейри, баа озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги давлат вазири:

- Биз Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ислом ташкилоти билан яқин ҳамкорликдамиз. Миллий озиқ-овқат захираларини бошқариш, менежмент бўйича дастурларни қўллаб-қувватлаймиз ва янгиларини таклиф этамиз. Шу тариқа бошқа давлатлар билан мазкур масалаларда тажриба алмашамиз.

Мадияр Менилбеков, Қозоғистон Республикасининг Баадаги Фавқулодда Ва Мухтор Элчиси:

- Бирлашган Араб Амирликлари штаб-квартираси Нур-Султонда бўлган Озиқ-овқат хавфсизлиги ислом ташкилоти фаолиятини тўла қўллаб-қувватлайди. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида элчихонамиз бу ташкилот сиёсатини БААда илгари суришда давом этади. Бирлашган Араб Амирликлари ташкилотнинг фаол аъзоси, барча дастурларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, январдан апрелгача икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 276 миллион долларга етди. Шуни ҳам айтиш керак, Қозоғистондан БААга экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга ортган. Қозоғистонга келаётган инвестиция оқими 12 фоизга кўтарилди ва 181 миллион долларни ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси