Қозоғистон музокараларда ёрдам бериши мумкин

Қозоғистон музокараларда ёрдам бериши мумкин

Қозоғистон Жанубий ва Шимолий Корея орасидаги музокараларга ёрдам бериши мумкин. Сеулда жойлашган Асан сиёсий тадқиқотлар институти директори шундай фикр билдирди. У Шимолий Кореяни қуролсизлантириш учун халқаро ташкилотлар ёки Қозоғистон каби мамлакатлар ёрдами кераклигини айтди. Хан Син Жу Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Ташқи сиёсатни тадқиқ қилиш институти билан ўзаро ҳамкорлик хусусида меморандум имзолади. Бу ҳужжат Марказий Осиё бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумки, Сеул ва Нур-Султонни Қозоғистонда истиқомат қилувчи юз минг кишилик корейс этноси вакиллари бирлаштиради. Бундан ташқари, Кореяни Қозоғистоннинг ядро қуролидан воз кечиши тажрибаси қизиқтиради.

Хан Син Жу, Асан сиёсий тадқиқотлар институти директори:

- Ядро қуролига эгалик қилган ва ундан ўз ихтиёри билан воз кечган давлатлар жуда кам. Қозоғистон шундай тажрибага эга ва у бошқаларга намуна бўла олади. Шимолий Корея ядро қуролини рад этишни истамаётгани кўриниб турибди. Бевосита музокара юритиб, Шимолий Кореяни бундай қирғин воситасидан воз кечишга кўндириш учун халқаро ташкилотлар ва Қозоғистон каби давлатлар ёрдами зарур. Менинг фикримча, Шимолий Кореяни қуролсизлантириш куч ишлатмасдан амалга оширилиши лозим. Шунинг учун ҳам Қозоғистон ва Корея ўртасида имзоланган меморандум катта аҳамиятга эга.

Абдумалик Сарманов таржимаси