«Бойқўнғир» космодромидан космик аппаратлар учириш лойиҳаси тасдиқланди

«Бойқўнғир» космодромидан космик аппаратлар учириш лойиҳаси тасдиқланди

«Бойқўнғир» мажмуаси бўйича Қозоғистон-Россия ҳамкорлиги кенгайтирилмоқда. Мажилисменлар космодромдан «Союз-2» типидаги ракеталарни учириш ва Россия томони Қўстанай вилоятидаги ажралиб чиқувчи қисмлар тушадиган жойдан фойдаланишини тартибга келтирувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, маҳаллий ҳокимлик ҳисобига 460 минг доллар миқдорида товон пули тушиб туради. Бундан ташқари, ҳар бир парвоз учун яна 50 минг доллар ўтказилиши кўзда тутилган.

Бағдат Мусин, Рақамли тараққиёт ва аэрокосмик саноат вазири:

- Тушиш ҳудуди йилига атиги бир неча марта сервитут шартлари асосида ишлатилади. Уч-олти суткани ташкил қилувчи вақт давомида хавфсизликни таъминлаш мақсадида тушиш жойига одамлар ва уй ҳайвонлари кириши тақиқланади. Бошқа вақтларда тушиш жойида мол боқишга чеклов қўйилмайди. Хавфсизлик мақсадида одамлар тушиш жойидан ташқарида яшайди.

Вазир таъкидлашича, шартномада табиатни ҳимоя қилиш ташкилотлари талаблари ҳам имкон қадар ҳисобга олинди. Шу жумладан, сайғоқлар кўпайиши даврида ва қушлар ин қураётганида тушиш жойи ҳудуди чекланади. Яъни апрелдан июнгача бундай ракета учирилмайди. Бағдат Мусин таъкидлашича, синов вақтида мутахассислар керосин ва кислороддан иборат табиий ёнилғидан фойдаланиш ниятида. Мониторинг учун қозоғистонлик экспертлар жалб этилади.

Бағдат Мусин, Рақамли тараққиёт ва аэрокосмик саноат вазири:

- Ҳар сафар ракета учирилганида, ҳудуддаги аҳоли пунктларида атроф-муҳитдаги вазиятни баҳолаш учун турли объектлардан намуналар олиб, таҳлил ишлари амалга оширилади. Аҳоли саломатлиги скрининг қилинади.

Таъкидлаш жоизки, шартнома ратификация қилиниши бутун дунёни жадал интернет билан таъминлашга қаратилган One Web лойиҳасини амалга ошириш учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш учун ҳуқуқий асос яратади.

Абдумалик Сарманов таржимаси