Садир Жапаров давлат ташрифи билан Қозоғистонда

Садир Жапаров давлат ташрифи билан Қозоғистонда

Қирғизистон президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи муносабати билан Ақ Ўрдада тантанали тадбир бўлиб ўтди. Эслатамиз, Садир Жапаров Нур-Султонга бугун тонгда учиб келди.

Тантанали маросимдан кейин давлат раҳбарлари тор доирада музокара олиб борди. Садир Жапаровни қутлар экан, Қосим-Жўмарт Тўқаев унинг Қирғизистон Президенти сифатида мамлакатимизга қилган биринчи давлат ташрифи ўта муҳимлигини таъкидлади. 

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Хуш келибсиз! Ташрифингиз жуда катта аҳамиятга эга. Мазкур учрашув икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожига салмоқли туртки беришига умид қиламиз. Ташриф дастури мазмунли. Бугун биз ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашамиз.  Ўртамизда эришиладиган келишувлар халқларимиз манфаатига хизмат қилишига ишонаман.

Садир Жапаров  ўз навбатида қозоқ ва қирғиз халқлари абадий биродарлиги рамзий тарзда тасвирланган Жубан Мўлдағалиев достонидан парча келтирди.

САДИР ЖАПАРОВ, ҚИРҒИЗИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Ҳурматли Қосим-Жўмарт Кемелевич! Қозоғистонга давлат ташрифи ҳақида таклифингиз учун чуқур миннатдорчилик билдиришни истардим. Халқларимиз руҳан жуда яқин. Шу жиҳат буюк қозоқ шоири Жубан Мўлдағалиев асарида акс этган. “Мен қозоқман, қирғиз менинг қардошим. Тақдир туташ қилган бу тану жонни. Қачонлардир қоракўз волидамиз, эгизларга бўлиб берган сўнгги нонни”.

Учрашув давомида Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликка оид кўплаб масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, коронавирусга қарши бирга курашиш, Евроосиё интеграцияси доирасида ҳамкорлик жиҳатлари муҳокама этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.