БМТ бош Ассамблеяси делегатлари: «Қозоғистон ташаббуслари бошқалар учун намуна»

БМТ бош Ассамблеяси делегатлари: «Қозоғистон ташаббуслари бошқалар учун намуна»

Қозоғистоннинг ядро қуролига қарши ташаббуслари бошқа давлатларга намуна бўла олади. Зеро, шу кунгача ядро қуролисиз дунё яратиш масаласи ўз долзарблигини йўқотмаган. 30 йил муқаддам республика глобал хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшди. БМТ Бош Ассамблеясининг 12-пленар йиғилиши Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг видеомурожаати билан бошланди.

Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти:

– Мамлакатимиз «ядро қуролисиз дунё учун» ҳаракатининг олдинги сафида алоҳида ўринга эга. Бундан ташқари, қўрқув-хавотирларсиз инсоният эртанги кунига ишонч билан яшашга интилиш қозоғистонликлар дунёқарашининг муҳим қисмига айланди. Инсониятга ядро қуролисиз ҳам тараққиёт ва фаровонлик йўлидан илгарилаш мумкинлигини кўрсатиб беришдек фахрли миссия Қозоғистон чекига тушди. Ўтган давр янги навқирон мамлакатнинг ҳақиқий куч-қудрати нимада эканлигини тўғри аниқлаб олганимизни кўрсатди. Ўйлайманки, юқорида тилга олинган далиллар глобал ҳамжамиятга биздан намуна олиш ва дунё миқёсида Қозоғистон тажрибасидан фойдаланишга чақиришга маънавий ҳуқуқ беради.

Анъанавий учрашувда қатнашган делегациялар вакиллари фикрича, Қозоғистоннинг Семей полигонини ёпиш тўғрисидаги қарори муҳим тарихий воқеа бўлган эди.

Роберт Флойд, Ядро синовларини мутлақо тақиқлаш тўғрисида шартнома ташкилоти ижрочи котиби:

- Қозоғистон ядро қуролисиз дунё яратишга салмоқли ҳисса қўшди. Республиканинг бу борадаги тажрибаси биз учун жуда муҳим. Бу ерда, Бош Ассамблея йиғилишида муҳокама қилинаётган масалалар жаҳон ҳамжамияти учун улкан аҳамиятга эга.

БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Семипалатинск ядро полигонига бағишланган махсус фотокўргазма ташкил қилинди. Экспозицияда полигондаги ядро синовлари, ядро қуролига қарши «Невада-Семей» ҳаракати тарихи, Қозоғистоннинг ядро қуролини тарқатмаслик ва қуролсизланишга қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар тақдим этилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси