Президент Қозоғистон халқига Мактуб йўллади

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат маблағларидан фойдаланишнинг янги концепциясини ишлаб чиқишни топширди. Унинг таъкидлашича, бу иш билан мамлакат ҳукумати ва Миллий банк шуғулланиши зарур. Миллий жамғарма маблағларини қайта тиклаш учун бюджет қоидаларини жорий этишни жадаллаштириш зарур, деди давлат раҳбари. Қонунчиликка тегишли ўзгаришлар йил охиригача киритилиши зарур. Шу тариқа, мамлакатда давлат маблағлари, давлат қарзи, бюджет сиёсати ва миллий жамғарма бўйича махсус қоидалар тўплами яратилади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Давлат қарзи камлиги ва етарли захира мавжудлиги туфайли Қозоғистон пандемия оқибатларини нисбатан муваффақиятли енгиб ўтди. Бу бизнинг рақобатдаги жиддий устунлигимиз ва уни йўқотиб қўймаслигимиз зарур. Лекин сўнгги даврда харажатларни қоплаш учун бюджет дефицити ва Миллий жамғармадан олинаётган трансфертлар ортаётгани кузатилмоқда. Бундай енгил йўлдан ҳамиша юриш имконсиз. Молиявий барқарорлик чексиз эмас. Бюджет даромадларини ошириш бўйича чора-тадбирлар керак. Лекин, биринчи навбатда, давлат харажатлари ҳажми ва самарадорлигини назоратга олиш зарур.

Иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисида гап кетганида, биринчи навбатда давлат корхоналари кўп соҳаларда ҳамон устунлигига эътибор қаратиш керак, дея таъкидлади Президент. У миллий компаниялар кўрган зарар бўйича биринчи раҳбарлар масъул бўлиши кераклигини тилга олди. Давлат раҳбари таъкидлашича, бу муаммо ҳал этила бошланди. Давлат бошқаруви концепциясида квазидавлат секторини қисқартириш, самарадорлиги, шаффофлиги ва ҳисобот беришини ошириш кўзда тутилган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Давлатнинг иқтисодиётда кенг иштироки ўсиши ва рақобатбардошлигини таъминлашга монелик қилади. Коррупция ва ноқонуний тарафкашликка олиб келади. Давлат корхоналари ҳамон кўп соҳаларда асосий ўрин тутади, монополия имтиёзларига эга.

Ислоҳотлар бўйича олий кенгаш томонидан хусусийлаштиришнинг янги режаси тасдиқланди. Энди жиддий назорат вақти келди. Нима учун баъзи давлат корхоналари зарар кўриб ишлаяпти? Уларнинг раҳбарлари эса бунинг учун жавобгар эмас? Ҳукумат мазкур муаммони ҳал қилиши лозим.

Эслатамиз, бугун давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига навбатдаги Мактуб билан мурожаат этди. Унда турли йўналишдаги муаммолар ҳамда уларни ҳал қилиш йўллари тилга олинган.

Абдумалик Сарманов таржимаси