Ёмғир ёғдирадиган дрон яратилди

Ёмғир ёғдирадиган дрон яратилди

Булутларни йиғиб, ёмғир ёғишини таъминлайди. Қозоғистонлик стартапчилар кашфиёти об-ҳавони бошқаришга ёрдам беради. Ёш кашфиётчилар  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи дрон яратди. Ўзи учар қурилма кучли қурғоқчилик вақтида ҳосилни сақлаб қолиш имконини беради.

АЛМАС ЖАЛИ, СТАРТАП АСОСЧИСИ:

- Қандай мақсад қўйилганди? Ҳар йили жуда катта ҳудудларни қурғоқчилик қамраб олади. Натижада, деҳқонлар кўзлаган ҳосилини ололмайди. Иқтисодий муаммо туғилади – улар фойда кўрмайди. Иккинчи томондан, бу – давлат озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи.  Қишлоқ аҳли мавсум давомида зарур миқдорда ёғин ёғиши туфайли кўпроқ ҳосил олишига эришишни мақсад қилганмиз.

Дрон ёмғир чақиришдан ташқари туманни тарқатиш қувватига ҳам эга. Бу эса қуюқ туман фаолиятда зарар берадиган Алмати каби шаҳарлар учун жуда асқатади. Ишланма муаллифлари фикрича, Қозоғистонда кашф этилган қурилма хориждагилардан асло қолишмайди.

АЛМАС ЖАЛИ, СТАРТАП АСОСЧИСИ:

– Бу нарса бутун дунёда синовдан ўтяпти. АҚШда 30-40 йил, Саудия Арабистонида, Амирликларда 10 йил аввал бунга киришилган. Хитойда шу каби дастур учун 13 миллион доллар ажратилган. Алоҳида давлат дастури мавжуд.  2025 йилга бориб Хитой об-ҳавони ўз назоратига олиш ниятида. Биз бир қанча тажрибалар ўтказдик. Қор ёғдирдик, туманни тарқатдик. Лекин ҳозирча бизнес даражасида эмасмиз, шунинг учун ишимизни ҳозирча лойиҳа деб атаймиз.

Ишланма муаллифлари уни ёзгача синовдан ўтказиш ниятида. Кейин бу кашфиётни хорижлик экспертлар текширади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.