Қозоғистон биологлари ноёб ўсимликларни пробиркада кўпайтиряпти

Қозоғистон биологлари ноёб ўсимликларни пробиркада кўпайтиряпти

Момиқсиз терак аллергияси борлар учун нажот. Пойтахтда жойлашган  Биотехнологиялар миллий маркази олимлари Қизил китобга киритилган ўсимликларни кўпайтириш учун микроклонал кўпайтириш технологиясидан фойдаланяпти. Махсус лаборатория биологлари бир қанча йилдан буён гуллаган вақтида момиқ чиқармайдиган дарахтлар навини яратиш устида меҳнат қилмоқда. Гарчи янги нав сунъий шаклда чиқарилаётган бўлса ҳам, тераклар фойдали жиҳатларини йўқотмайди, ҳавони зарарли чиқиндилардан тозалайди, дейди олимлар. Ҳозир унинг қаламчалри пойтахтни кўкаламзорлаштириш учун ишлатиляпти. Бу ўсимликлар Ботаника боғи, Триатлон парк хиёбонлари ва истироҳатгоҳларини безаб турибди.

Алмагуль Какимжанова, «Миллий биотехнологиялар маркази» Республика давлат корхонаси ўсимликлар биотехнологиялари ва селекцияси лабораторияси мудири:

- Гибрид шаклидаги тераклар олинди. Кумушранг терак -  оқ теракни бале билан чатиштириш ҳосиласи. Шунда улар одамларда аллергия бериши мумкин бўлган момиқ чиқармайди. Шунингдек, бизда Или барбариси, Тунберг барбариси бор. Или барбариси Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Недвецкий олмаси, Сиверс олмаси, Клейкая ольхаси етиштирамиз. Биз 10 дан ортиқ ўсимлик учун технология ишлаб чиқдик.

Кичик кўчатларни ерга ўтқазишдан олдин ўсимлик махсус озуқа билан тўлдирилган стериль пробиркага ўтқазилади. У витаминлар, гормонлар, микро ва макроэлементлар билан тўйинтирилган, шунинг учун ўсимликнинг устун жиҳатлари пайдо бўлади.

Алмагуль Какимжанова, «Миллий биотехнологиялар маркази» Республика давлат корхонаси ўсимликлар биотехнологиялари ва селекцияси лабораторияси мудири:

- Биринчи устунлиги шундаки, материални айнан она ўсимликда оламиз. У Шимолий, Марказий Қозоғистонда ўсади, иқлимга мослашган. Кўпайтирамиз. Европадан эса асосан бизнинг шароитда ўса олмайдиган материал келтирилади.  У ҳамиша ҳам тутиб кета олмайди. Биз эса айнан шу ерда ўсадиган материални оламиз. Барча эҳтиёжларга етадиган даражада кўпайтирамиз. У жуда соғлом материал, бу ишнинг яна бир устунлик жиҳати шундаки, биз ўзимиз учун зарур нарсани ўзимиз етиштирамиз.

Айдана Нуртаза, «Миллий биотехнологиялар маркази» РЕСПУБЛИКА давлат корхонаси илмий ходими:

- Ўсимликлар фаол фотосинтез қилиши, ўсиши учун мақбул шарт-шароит яратиб бериш жуда муҳим. Ҳарорат кўтарилиб кетса ҳам улар қийналади. Ўлиб қолиши ҳам мумкин. Ҳарорат паст бўлса – ўсимликлар жуда секин ўсади. энг маъқул келадигани - 24-26 даражада асраш. Шунингдек, етарлича ёритиш ҳам муҳим. Чунки улар лаборатория шароитларида сақланади. Қуёш шуълалари остида эмас. Мана бу чироқлар улар ўсиши учун қулай спектрда нур беради.

Микрокўчатнинг сифатли материалга айланиши учун бир ярим-икки йил вақт керак. Шунинг учун марказ биологлари уларни болалари каби кўришади. Ҳар бир ўсимликка улар кучини ҳам, меҳрини ҳам беради. Шуни ҳам айтиш керакки, сўнгги уч йил ичида Қозоғистон биологлари 6,5 мингтага яқин кўчат чиқарди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.