Қозоғистон олимлари қозоқ ирсий шажарасини яратмоқчи

Қозоғистон олимлари қозоқ ирсий шажарасини яратмоқчи

Шажарани аниқлаш ва аждодлар тарихини ўрганишга биология олимлари ҳам қўл урмоқда! Мамлакатимиз мутахассислари қозоқларнинг ирсий шажарасини шакллантиришга киришди. Замонавий технологиялар бутун бошли халқларнинг келиб чиқишига ойдинлик кирита олади. Фақат тўпланган маълумотлар камлиги сабабли манзара хиралигича қолмоқда, дейди илм арбоблари.

Ерлан Раманқулов, биотехнологиялар миллий маркази бош директори:

- Бизда ёзма тарихий ҳужжатларнинг жуда камлиги вазиятни мураккаблаштиради. Деярли барча маълумотлар шажара, мифлар, афсоналар шаклида оғзаки кўринишда етиб келган. Тарихчилар эса ўтмишда мунтазам ўзаро алоқада бўлган қўшни мамлакатлар, аввало Хитой, Эрон, кейинроқ Россия архивларига мурожаат этишга мажбур бўларди.

Ирсий шажара қозоқларнинг умумжаҳон генетик харитасидаги ўрнини аниқлашга хизмат қилади. Марказий Осиёнинг туркийзабон халқлари, дунё халқлари билан муносабатларига ойдинлик киритилади. Ўзига хос жиҳатлар ўрганилади. Масалан, у ёки бу уруғ вакиллари қайси касалликларга мойиллиги. Бироқ, олимлар маълум қилишича, қозоқларга хос бирорта касаллик топилмади.

Жанаргул Дюсенова, инсон ирсияти лабораторияси катта илмий ходими:

- Лазер ёрдамида фракция ва детекцияга бўлиш орқали биз фараграмлар оламиз. У кўпинча рақамли кўринишда ёзилади ва бошқача қилиб, генетик профиль ҳам дейилади. Рақамли белгилар турли дастурлар, тизимлар ёрдамида маълумотларни қайта ишлаш учун қулай. Биз шу иш давомида тизимдаги ўзгаришлар, мутацияларни аниқлаймиз. Ёки аниқ бир уруғга хос жиҳатларни ажратиш мумкин.

Ҳозир олимлар дастлабки натижаларни эълон қилмоқда. Масалан, арғинлар ДНКси бу уруғ ягона аждод – Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхоннинг хос аскари ва бийнинг ўғли Амир Қорахўжадан тарқалганини деярли аниқ кўрсатиб берди. Ўз келиб чиқиши ва оилавий шажарасини билиш учун исталган киши мурожаат этиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси