Қозоғистонлик дастурчилар яна бир «Siri» яратди

Қозоғистонлик дастурчилар яна бир «Siri» яратди

Қозоғистонлик дастурчилар «ақлли» колонка яратди. У деярли ҳар қандай мавзуда гаплаша олади, маслаҳат беради, об-ҳаво ёки валюта курсини билдиради. Буларнинг ҳаммаси – қозоқ тилида. Муаллифлар фикрича, гаджетнинг дастлабки вазифаси — давлат тилини оммалаштириш.

Нурғўжа Қалиасқаров, IT-холдинг лойиҳа менежери:

- Бунда асосан шахсий мотивлар таъсир кўрсатди. Бу эса фаол иш юритишимизга сабаб бўлди. Ҳозир биз эҳтимолий буюртмачилар билан музокара ўтказяпмиз. Шунингдек, ҳали овозли ёрдамчилар мавжуд бўлмаган бошқа тилларда ақлли колонкалар, овозни тушуниш тизимлари яратишимиз мумкин. Шунингдек, олдиндан буюртма оляпмиз. Ёпиқ синовлар ўтказиляпти.

Овозли ёрдамчининг ҳозирча номи йўқ. Ташқи кўриниши қандай бўлиши ҳам ҳал этилмади. Лекин унда миллий ўзига хосликлар бўлиши аниқ. Гаджет имкониятлари диапазони кенгайтирилмоқда. Йил охирида оммавий равишда сотишга тайёр бўлади. Уни мобиль илова форматида ишлатиш мумкин.

Динара Алимова, нутқ технологиялари лабораторияси раҳбари:

- Биз 2019 йилда иш бошлагандик. Жуда узоқ жараёндан ўтдик. Маълумотларни битта-битталаб тўпладик, энг катта бойлигимиз – биз устида ишлаган маълумотлар. Улар салкам 5 минг соатлик аудио ва матндан иборат. Бизда қозоқ ва аралаш тилларни таний олиш аниқлиги 75 фоиздан зиёд, ҳозир 80 фоизга яқинлашяпмиз. Бу – мамлакатдаги энг аниқ кўрсаткич.

Бундан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида қозоғистонликлар спич.лаб сайтида қозоқ тилидаги аудиони матнга айлантира олади. Бу технология виртуал ёрдамчилар, кўзи ожизларга мўлжалланган навигация ва бошқа тизимлар учун муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси