Қозоғистонликларни қон донорлари сафларига чақиришди

Қозоғистонликларни қон донорлари сафларига чақиришди

Қозоғистонликларни донорлар сафига кириш, мунтазам қон топширишга чақиришди. Коронавирус касаллигини бошидан ўтказган фуқароларни ҳам бу жараёнда қатнашишга таклиф қилишмоқда. Деярли ҳар бир вояга етган, 50 килограммдан зиёд вазнга эга одам донор бўлиши мумкин.

Айгерим Сағамбаева, Трансфузиология илмий-ишлаб чиқариш маркази донор кадрлари бутлаш бўлими раҳбари:

- Агар одам алкогол ичимликлар истеъмол қилса, 48 соатга четлатилади. Тумов учун икки ҳафта, ангинада – икки ой, коронавирусда икки ҳафта танаффус керак. Пневмония ривожланган тақдирда – бир ой. Лекин юрак-қон томир касалликлари, миокардитлар, эндокардитлар, қон босимида ноқисликлар бўлса – қон топшириш мумкин эмас. Таҳлилида гепатит Б, С, иммунтанқислик вируси, сифилис чиққанлар ҳам.

Нур-Султондаги трансфузиология илмий-ишлаб чиқариш маркази берган маълумотга кўра, ўтган йили донорларнинг кўп қисмини – 69 фоизини эркаклар ташкил қилган. Кўпроқ 30-50 ёшдагилар қон берган. 13 фоизи - 50 ёшдан катта донорлар, қолгани 18-30 ёшда.

Ахмет Шильдебай, донор:

- Мен биринчи марта қон топширишга келдим. Ҳозир кўп одамлар донорлик қиларкан, бу жуда зарур нарса. Бошқа томондан, ўзимнинг фуқаролик бурчим, деб ҳисоблайман. Салгина бўлса ҳам одамларга ёрдамим тегсин деган ниятда бу ерга келганман. Жуда ҳаяжондаман. Ҳозир қон топшираман. Қоним кимгадир ёрдам беради, ҳаётини сақлаб қолади, деб умид қиламан. Ҳаммани қўрқмай қон топширишга даъват қиламан.

Қон топшириш жараёни кўп вақт олмайди. Лекин у кимнингдир жонини сақлаб қолишга сабаб бўлиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси