Қозоғистонда карантин кучайтирилди

Қозоғистонда карантин кучайтирилди

Бир неча ҳафтадан буён Нур-Султон коронавирус юқиши бўйича энг юқори кўрсаткич бермоқда. Мураккаб эпидемиологик вазият туфайли пойтахтда карантин чоралари кучайтирилди. Савдо-кўнгилочар масканлар иш кунлари соат 10.00 дан 17.00 гача ишлайди, «Ashyq» лойиҳасида ишлашидан қатъи назар, шанба ва якшанба кунлари ёпилади. Бу кунларда фақат аптека ва озиқ-овқат дўконлари очиқ бўлади.

Республиканинг бошқа минтақаларида ҳам вазият мураккаб. Ғарбий Қозоғистон вилоятида дам олиш кунлари жамоат транспорти иши тақиқланди. Банклар ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари иш вақти қисқартирилди.

Мухамғали Ариспаев, Ғарбий Қозоғистон вилояти санитар-эпидемиологик назорат департаменти раҳбари:

– Ўтган йил кўрсаткичлари билан таққослаганда, рўйхатга олинган хасталаниш ҳолатлари 60 фоизга кўп. Умуман олганда, июлда вазият етарлича ўткирлигича қолмоқда. Кўплаб шифохоналарда бўш ўриннинг ўзи йўқ. Масалан, вилоят клиник стационаридаги ўринларнинг 98 фоизи банд.

Алмати вилоятида дам олиш кунлари жамоат транспорти ишламайди. Бундан ташқари «Ashyq» лойиҳасида ишлашидан қатъий назар очиқ ва ёпиқ пляжлар, аквапарклар, турли аттракционлар иш кунлари ҳам ёпилган. Санитар-врач қарорига кўра, вилоятдаги барча умумий овқатланиш объектлари кечки соат 8 гача ишлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси