Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари ортмоқда

Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари ортмоқда

Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари ортаётгани кузатилмоқда. Ўтган кеча-кундузда жами 2 590 бемор аниқланди. Беморларнинг учдан бир қисми – республика пойтахтида рўйхатга олинди. Нур-Султон анчадан буён касаллик тарқалиши бўйича пешқадам. Қарағанди вилоятида 468, Алмати шаҳрида 353 ҳолат тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, пандемия бошланганидан буён республикада жами 428 минг 163 одамда COVID-19 аниқланди.

«Дельта» штамми Қозоғистоннинг барча минтақаларида мавжуд

Айни вақтда, коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик бўйича Маҳкамалараро комиссия бугун ўта юқумли «дельта» штамми республиканинг барча минтақаларида аниқланганини маълум қилди. Қозоғистонда тадқиқ этилган 414 намунанинг 48,3 фоизида коронавируснинг Ҳиндистон мутацияси аниқланди. Штамм мавжудлиги юз фоиз тасдиқланиши учун ДНК-намуна геноми тўла таҳлил қилинишини кутиш зарур.

«Ҳиндистон штамми клиникасининг ўзига хослиги шундаки, инкубация даври беш кунгача қисқаради, ичак симптомлари яққол кўринади, касаллик тез ривожланади, ёшлар орасида хасталар сони ортади, болалар ва ҳомиладор аёллар касалликнинг анча оғир ўтказади», дейилади комиссия тарқатган маълумотда.

Абдумалик Сарманов таржимаси