«Астана Балет» театри саҳнасида муҳаббат қиссаси

«Астана Балет» театри саҳнасида муҳаббат қиссаси

Эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат, муҳаббат ва нафрат. Бу зиддиятли тушунча ва ҳиссиётлар ҳамиша томошабин эътиборини ўзига тортиб келган. Ҳаммага маълум муҳаббат қиссаси - «Қўзи Кўрпеш ва Баян Сулув» ҳам шу ҳислар қарама-қаршилиги ҳақида ҳикоя қилади. Асар илк марта «Астана Балет» театри саҳнасида балетмейстер Георгий Ковтун хореографик талқинида қўйилади. Постановкада етакчи яккахонлар иштирок этган. Премьерага тайёргарлик бир ойдан буён давом этяпти, асар сценарийси театрнинг рақс труппасига мослаб ёзилган. Артистлар таъкидлашича, мазкур спектаклда классик ва замонавий балетнинг энг яхши жиҳатлари уйғунлашган, унда акробатика ва куч элементлари билан бирга қозоқ халқ рақси ҳаракатлари кўзга ташланади.

Айнур Абилғазина, «Астана Балет» театри етакчи яккахони:

– Мен Баян сулув ролини ўйнайман. Актриса сифатида ўзимни янги амплуада синаб кўриш мен учун жуда қизиқарли. Қандайдир янги чизгилар топиш, янги жиҳатдан очилиш. Булар ҳаммаси ҳозир биз амалга ошираётганимиз каби кундалик меҳнатни талаб қилади. Ва театр ҳамиша шундай ритмда фаолият юритади. Ҳозир саҳна учун сценография ва декорация тайёрланяпти, либослар тикиляпти. Яъни қисқа муддатда икки актли йирик спектакль қўймоқчимиз. У жуда кенг кўламли. Хореографик жиҳатдан мураккаб. Шу кунларда ўта мураккаб босқичдамиз. Ҳозир алоҳида-алоҳида тайёрланган картиналарнинг охиргисидамиз. Сўнгра уларнинг ҳаммаси бирлашади.

Таъкидлаш лозимки, икки актли спектакль премьераси мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган. 2 ва 3 июль кунлари тақдим этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси