Туркистонда «Чавандозлар шоуси» намойиш қилинди

Туркистонда «Чавандозлар шоуси» намойиш қилинди

Туркистон кўп сонли туристларни ҳайратлантириб, ўзига жалб этмоқда. Шаҳардаги оҳанраболи тадбирлардан бири – бетакрор томоша бўлган «Чавандозлар шоуси». У “Карвон-сарой” мажмуасидаги амфитеатрда намойиш қилинади. Спектакль қозоқ миллий ўйини - «Қиз қувди»га асосланган. Муаллиф ва постановкачи режиссёр – таниқли француз каскадёри Марио Лураске. Таъкидлаш лозимки, бундай шоуга ўхшагани бошқа ерда йўқ.

Владимир Косенко, шоу куратори:

– Йигит муҳаббат оташида ёниб, қиз ортидан қувиб кетаётган сониялар асос сифатида олинган. Марио Лураске – ижодий директор, шоу постановкачи-режиссёри. Ана шу бир зумда ўтадиган сонияларни бутун бошли бир соатлик театр томошасига айлантиришни уддалай олди. Унда акробатик номерлар, рақс ва мусиқа перфоманси ҳам бор. Фольклор, чавандозлик, жанговар ва каскадёрлик санъати ўрин олган.

Спектаклга тайёргарлик уч мамлакат - Қозоғистон, Франция ва Туркияда олиб борилди. Куратор фикрича, анчагина кучли шоу яратилди.

Владимир Косенко, шоу куратори:

- Биринчи қисми – режиссёр Марио Люраши жамоаси. У Францияда шоу тайёрлаш билан шуғулланган. Либослар, мусиқа жўрлиги, декорация ва шоу концепцияси. Истамбулдаги «Development Business Departament» офиси жалб этилди, у ташкилий ишлар билан шуғулланди.  Биздаги базада эса «Nomad Stunts» каскадёрлари чиқишларга тайёрланди. Чавандозликка боғлиқ кўплаб ҳаракатлар ўзлаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, «Карвон-сарой» аренаси мазкур постановка учун махсус тайёрланган. Келажакда бу ерда концертлар ва спорт тадбирлари ўтказиш мўлжалланган. Саҳна замонавий тизимлар, катта экран, сифатли овоз ва ёритгичлар билан жиҳозланган. Артистларга келсак, улар ўзаро ҳамкорликда меҳнат қиляпти.

Владимир Косенко, шоу куратори:

– Бу ерда турли миллат, маданият ва йўналишлар ҳамжиҳатлиги, синтези, коллаборацияси яққол кўриниб турибди. Бизда каскадёрлар, артист, раққос, актёр ва акробатлар бор. Марионинг Франциядан СаскаВолькад таркибида келган жамоаси ишлаяпти. Жаноб Жайдарбек раҳбарлигидаги «Nomad Stunts» каскадёрлари бор. Алматидаги кастинг давомида ўзимиз танлаб олган артистлар ҳам. Уларнинг ҳаммаси бу ерга келиб, маҳоратини тўлақонли намойиш қилади.

Томошабинлар эътирофини қозонган «Чавандозлар шоуси» жума, шанба ва якшанба кунлари ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси