«Мустақиллик уфқлари» кўргазмаси очилди

«Мустақиллик уфқлари» кўргазмаси очилди

30 мусаввирнинг 60 картинаси. Нур-Султонда республика мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Унда турли халқаро кўргазма ва симпозиумларда Қозоғистон номидан қатнашган таниқли мўйқалам усталари иштирок этди. Динара Нугер ҳам шулар жумласидан. Рассом «Болалик даври» коллекциясидаги турфа полотноларини тақдим этган. Улар жуда ўзига хос.

Динара Нугер, Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси аъзоси, санъатшунос, кўргазма иштирокчиси:

- Бу асарлар пойтахтда туғилиб ўсган, Мустақилликка эришган мамлакат маркази бўлган қадрдон шаҳрини севадиган авлод туркумидан саралаб олинган. Бу авлод вакиллари Байтерек ёнидан ўтаётиб: «Мактабимиз ҳовлиси қаерда эди?» дейди, майдонга кўзи тушганида: «Кичкиналигимда шу ерларда яшаганман, ўйнаганман», дея эслайди. 2018-2021 йиллардаги асарларим қўйилган. Муаллифлар ҳар хил суратларини тақдим этган. Мусаввирлар турли йилларда туғилган, усуллари ҳам турлича.

Шуни айтиш керакки, мусаввирлар асарлари жуда ранг-баранг, улар орасида тасвирий санъат, графика, ҳайкалтарошлик намуналари бор. Шу тариқа, ижодкорлар Мустақил Қозоғистон тарихи, маданияти ва солномасини тасвирлаган, ватанимиз қиёфасини хорижий мамлакатларда тарғиб этмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси