Қозоғистон пойтахтида «Бўпай Хоним» тарихий трагедияси премьераси ўтди

Қозоғистон пойтахтида «Бўпай Хоним» тарихий трагедияси премьераси ўтди

Қозоқ халқи тарихидаги таниқли шахс, донолиги хусусида афсоналар тўқилган аёл – Абулхаирхоннинг рафиқачи Бўпай. Буюк Дашт солномаларига номи олтин ҳарфлар билан ёзилган образ илк бора Қозоғистон саҳналарида жонланди. Пойтахтда «Бўпай Хоним» спектакли премьераси ўтди. Постановка муаллифлари маълум қилишича, бу оқила аёл буюк хоннинг ўнг қўли бўлган.

Жулдизбек Жуманбай, постановкачи режиссёр:

- Бўпай ва Абулхаир хон ўртасидаги кучли, ҳақиқий муҳаббат нақадар кучли бўлгани ҳақидаги афсоналар бугунги кунгача етиб келган. У ёрқинлиги жиҳатидан Қўзи Кўрпеш ва Баян Сулуникидан кам бўлмаган. Уларнинг туйғулари мени қизиқтирди, шунингдек, ўз ишимда бўлажак султонлар ва ботирларни қандай тарбиялашгани, нималарни ўргатишганига ҳам алоҳида эътибор қаратдим. Бўпай – Буюк Даштнинг афсонавий аёл образларидан бири.

Бўпай Хоним ўғиллари билан бирга кўплаб юришлар ва жангларда иштирок этган. Спектакль сценарийси шу кунгача сақланиб қолган кўп сонли архив маълумотлари, солномалар асосида ёзишган. Абулхаир хон вафот этган, миллат тақдири аёлнинг нозик елкаларига тушган давр тасвирланган. Бу вақтда Нурали хон тахтга чиққан, Россия ҳукмдори билан музокаралар олиб борилган, султон Бароқнинг ўлими юз берганди.

Роза Муқанова, «Бўпай Хоним» спектакли ижодкори, ёзувчи-драматург:

- Бундай инсон ҳақида ёзиш осон эмасди. Биринчидан, у машҳур тарихий шахс, буюк хоннинг рафиқаси эди. Иккинчидан, биз уни фақат аёл ва она эмас, сафдош сифатида ҳам кўрсатишни истадик. У Абулхаир хон билан бирга халқни ҳимоя қилди, ҳамиша ёнида юрди. Фақат турмуш ўртоғи эмас, бутун хонлик аҳолиси ҳурматини қозонди. Биз унинг жасурлиги, қаҳрамонлиги, ватанпарварлигини кўрсатишга интилдик. Буларнинг ҳаммасидан мақсад битта: халқ ва ҳукмдор бирга бўлса, мамлакат юксалади.

Қозоқ халқи Бўпай Хонимни эъзозлайди, унинг давлатчилик ривожига ҳиссасини унутмайди. Муаллифлар фикрича, Бўпай образи ўша тарихий даврдаги барча аёлларга, оналарга хос фазилатларни ўз ичига олади ва тимсоли ҳисобланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси