«Мард Едиге» мусиқий альбоми тақдимоти ўтказилди

Нур-Султонда «Едиге ботир» афсонавий эпосининг 600 йиллигига бағишланган мусиқий альбом-тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Таниқли жангчи ҳаёти ва жанговар йўли ҳақидаги асар туркий халқларнинг умумий мероси ҳисобланади. Ушбу нашр тарихчилар, ўлкашунослар, мусиқашунослар, санъатшунослар ва жирчи-жировларнинг машаққатли меҳнати маҳсулидан иборат. Унда буюк достончилар ва республиканинг турли минтақаларидан бўлган қирқдан ортиқ замонавий ижрочи ҳақида  маълумот берилган. Бугунги кунда икки қисмдан иборат тўплам 500 нусхада чоп этилди. Биринчисига мусиқий асарлар ёзилган  аудиодиск киритилган, иккинчисида ҳар бир асарнинг яратилиш тарихи, ижрочиси ҳақидаги маълумотлар қозоқ, рус ва инглиз тилларида берилган.

АЛМАС АЛМАТОВ, ЛОЙИҲА РАҲБАРИ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРБОБ:

- «Эр Едиге – Нўғайли даври жири» лойиҳаси 42 жиров ижросидаги дискларга туширилган 60 соатли аудиоёзув шаклида тақдим этилган. Биз бу мерос халқимиз ўтмишидан, энг муҳим тарихий паллаларидан етиб келганини англаб етишимиз зарур. Келажакда анъанавий санъат, шеърият, жировлар ижодини ўрганувчи талабалар учун мазкур электрон нашр фойдали бўлади, деб ўйлаймиз. Фикримча, бундай формат кўплаб фойдаланувчилар учун қулай.