«Астана Опера» театрида икки актли «Ишқ шарбати» комедияси премьераси бўлиб ўтди

astanaopera.kz

«Астана Опера» театрида икки актли «Ишқ шарбати» комедияси премьераси бўлиб ўтди. Таниқли бастакор Гаэтано Доницетти томонидан ёзилган жаҳон операси дурдонаси 200 йилдан буён томошабинлар учун қизиқарлилигича қолмоқда. Бунинг сири – ҳазиломуз, енгил ва ҳаётий сюжетда. Камбағал йигит бой оиланинг қизини қаттиқ севиб қолади. Севгисига ижобий жавоб олиш ниятида қаҳрамон сеҳрли шарбат сотиб олади. Лекин, аслида у мўъжизакор эмас, оддий ичимлик бўлиб чиқади. Шунга қарамай, бош қаҳрамон қиз Адина Неморинони севиб қолади ва бу ишқ қиссаси тўй билан якунланади. Таниқли сценограф  Эцио Фриджерио ва франциялик постановкачи режиссёр Арно Бернар спектаклга ҳаёт бағишлади. Улар муаллиф сингдирган асл мазмунни сақлаган ҳолда мазкур постановкани замонавий услубда тақдим эта олди.  Шу тариқа, опера театрлашган кинога айланди.

АРНО БЕРНАР, РЕЖИССЁР (ФРАНЦИЯ):

- Бу – классик постановка бастакор ниятини аниқ беради, фақат у кинематографик услубда, мусиқа талаб қилган энергия билан берилган. Биз кино ва телевидение замонида яшаймиз. Аввалги замонлардаги каби статик саҳналар яратишдан воз кечишимиз керак.  Спектакль қувонч, шаддодликни талаб қилади, лекин ҳаракатсизлик шароитида қувноқлик ва ҳиссиётларни кўрсатиш амримаҳол. Бунинг учун театрда ҳамма техник имкониятлар, ҳаракатларни таъминлайдиган ижодий труппа ҳам бор. Мен бунга ишонч ҳосил қилдим.

ЖАН ТАПИН, ASTANA OPERA  ТЕАТРИ ЕТАКЧИ ЯККАХОНИ:

- Мен «Астана Опера» театридаги кўплаб спектаклларда қатнашдим. Лекин буниси ўзига хос эди. Мусиқий жиҳатдан ҳам, режиссура жиҳатидан ҳам, драматургияда ҳам. Чунки Арнольд Бернар – Европа бўйлаб ва жаҳон бўйлаб таниқли режиссёр.

×