«Санъатга дахлдорлик» музей лойиҳаси ишга тушди

«Санъатга дахлдорлик» музей лойиҳаси ишга тушди

«Санъатга дахлдорлик». Қозоғистон Миллий музейида Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган махсус лойиҳа ишга туширилди.  Унинг доирасида илк марта экспозициянинг ёш меҳмонлари ноёб бадиий асарлар билан танишиш борасида машҳур мўйқалам усталарининг беназир ва ўзига хос услубини кўчира олади.

Адина Серик, арт-студия раҳбари:

- Турли картиналар чиза оламиз. Бунинг учун мойбўёқ, акрил ва акварелдан фойдаланамиз. Энг мураккаби мойбўёқ, чунки уни ўрганиш учун йиллар зарур. Кўп одамлар музейга бориш шунчаки зерикарли иш, деб ўйлайди. Бунга эринади ҳам. Баъзилар тушунмайди. Аслида эса музей зиёрати жуда ғаройиб, у ички дунёмизни бойитади, руҳий куч беради, илҳом,  кучли энергетика беради,

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа пойтахтдаги арт-студиялардан бирининг ёрдамида рўёбга чиқарилди. Унда иқтидорли рассом Тагира Косаева ҳам ўқийди. Энди 14 ёшга тўлган қиз 8 йиллик умрини санъатга бахшида этди. Мўйқалам соҳибаси кореялик мусаввир О Сонгюнинг «Юлдузли тундаги дайдилик» асаридан илҳом олди.

Тагира Косаева, рассом:

- Мен ортимда турган картинани танладим, чунки у жуда теран мазмунли, асар акварелда чизилгани жуда ёқди. Чунки акварель мен учун жуда яқин материал. Бу иш жуда ҳаяжонлантирувчи, қамраб олади. Аввал музейларга бориб, бирор асардан нусха олмаганман. Бу борадаги дастлабки тажрибам, юрагим тўлқинланиб кетяпти. Ҳаётимни санъат билан боғлайман. Фақат айнан қайси йўналишда боришимни билмайман. Аммо ижодкор бўлишим аниқ.

Миллий музейда бундай амалиёт давом этади. Ёш авлодга майдонча тақдим этилади. Улар тасвирий санъат ва графика асосларини ўрганиш имконига эга бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси