Қозоғистон тараққиёт банки янги восита ишлаб чиқди

Қозоғистон тараққиёт банки янги восита ишлаб чиқди
mail.kz

Қозоғистонда мамлакатда дастлабки экспорт учун истиқболли товарларни аниқлаш воситаси ишлаб чиқилди. Ишланма муаллифи - Қозоғистон тараққиёт банки бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш ва сотиш мамлакат экспорт саватини диверсификациялашга сезиларли таъсир ўтказиши мумкин бўлган 50 та маҳсулот рўйхати тузилди. Бошқача айтганда, ушбу алгоритм ёрдамида қандай маҳаллий маҳсулотларга ҳозирда ташқи бозорларда талаб борлигини билиш мумкин.

Рахимжан Сатаев, Қозоғистон тараққиёт банки бошқарувчи директори:

- Бу ё мамлакатда ишлаб чиқариладиган, аммо у қадар ривожланмаган, ё умуман бизда йўқ товар бўлиши мумкин. Олинган натижа шундан далолат берадики, нисбатан истиқболли маҳсулотлар сифатида арматура, маҳкамлагич, пластмасса ашёлари, ерга ишлов бериш ва культивацияга мосланган, чўян ва пўлатдан ясалган қишлоқ хўжалиги ускуналари ва шу кабиларни айта оламиз. Товарларнинг тўлиқ рўйхати билан сайтимизда танишиш мумкин.

Дарвоқе, махсус ҳисоб-китоблар ёрдамида аниқланган маҳсулотлар сирасига темир, пўлат буюмлар, қайта ишлаш саноати, қурилиш, кимё ва машинасозлик соҳаси маҳсулотлари ҳам киради. Экспертлар айтишича, маҳсулотларнинг рўйхатдаги ўрни хориждаги талабга кўра ўзгариши мумкин.

Рахимжан Сатаев, Қозоғистон тараққиёт банки бошқарувчи директори:

- Ўйлайманки, тадбиркорлар учун бу жуда фойдали бўлади, бизнинг порталда батафсил ахборотни, импорт бўйича статистикани, Қозоғистон минтақалари ва маҳсулотлар кесимидаги экспорт ҳолатини топа оласиз. Бу ерда Қозоғистон экспорт саватини диверсификациялаш учун истиқболли саналган товарлар рўйхати ҳам бор, қолаверса, рақобатдаги сотиш бозорлари, божхона тўловлари ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд. Шунингдек, турли давлатлар экспорт саватидаги маҳсулот қийинчиликларига доир маълумотларни топиш мумкин.

Банк вакиллари айтишича, алгоритм Қозоғистон ва дунёнинг 200 давлатидаги экспорт савати таҳлили асосида яратилган. Келгусида аналитиклар мамлакатнинг ҳар бир минтақаси учун алоҳида истиқболли соҳалар рўйхатини ўрганиш ниятида, шу тариқа юртимизнинг ишлаб чиқариш имкониятлари аниқланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×