Нур-Султон саноати ривожланмоқда

индустриялық парк
img.kapital.kz

«Мэйд ин Нур-Султон» атирлари. Қозоғистон пойтахтида парфюмерия заводи ишга туширилади. Саноат паркида олиб борилаётган қурилиш ишларига Озарбайжон инвестиция киритди. Махсус иқтисодий зонада йил охиригача 10 та янги корхона очилиши режалаштирилган, бу эса чиқарилаётган маҳсулот турларини кенгайтиради. Келгуси уч йил мобайнида ҳудудда 30 та янги корхона фойдаланишга топширилади.

Бақитжан Дўсқазиев, «Астана-Технополис» махсус иқтисодий зона бошқарув раиси:

- Бизнинг зонада 52 корхона фаолият юритяпти. Ҳозир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар устида иш кетмоқда. Шаҳар давлат раҳбарининг 5 йил ичида қайта ишлаш саноати маҳсулоти ҳажмини 1,5 марта ошириш топшириғи бажарилишини таъминлайди. Ўтган йили биз бир қанча йирик лойиҳаларни ишга туширдик. Улар орасида модуль-блок ишлаб чиқариш, пластик қувурлар, минорали кранлар заводлари ва бошқа бир қатор йирик лойиҳалар бор.

Саноат паркида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ассортименти кам эмас. Унда локомотивлар, ҳарбий бронетехника, минорали кранлар, лифтлар, қурилиш материаллари, мебель, текстиль, минерал ўғитлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Саноат лойиҳаларига киритилган инвестицияларнинг умумий қиймати 180 миллиард тенгедан зиёд.

Бақитжан Дўсқазиев, «Астана-Технополис» махсус иқтисодий зона бошқарув раиси:

- Бизда, саноат парки ҳудудида турли мамлакатлардан келган инвесторлар ишлаяпти. Франциядан, Америкадан, Россиядан, Туркиядан келган инвесторлар бор. Яқинда Қозоғистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ёрдамида яна бир турк инвестори жалб этилди, лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Саноат корхоналари учун респиратор ниқоблар ишлаб чиқариш ниятида.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг катта қисми хорижий бозорларга жўнатилади. Пойтахт товарлари Россия, Молдова, Озарбайжон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда жуда харидоргир. Ўтган йилнинг ўзида экспорт ҳажми 28 миллиард тенгени ташкил қилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 30 фоизга ортиши кутилмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси

×