Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда

Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда

2020 йилда Қозоғистон 56 инвестициявий шартнома имзолади. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ардақ Зебешев айтишича, бу – сўнгги ўн йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили республика жами 17 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этишга муваффақ бўлган. Шундан 90 фоизи 14 та асосий донор мамлакатлар: Нидерландия, Швейцария, Бельгия, Франция, Германия, Италия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликларидан келган.

Ардақ Зебешев, Қозоғистон Республикаси инвестициялар қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:

- Кўрилган чора-тадбирлар мамлакат миллий тараққиёт режаси ҳамда “Нур Отан” партияси сайловолди дастурига мувофиқ, 2025 йилга бориб асосий капиталга киритилган инвестиция миқдорини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизигача, хорижий инвестиция оқимини 30 миллиард долларгача олиб чиқишни кўзда тутади. Жаҳонда юзага келган вазиятга қарамай, биз хориждан сифатли инвестиция жалб этиш бўйича фаол иш олиб боришда давом этяпмиз. Олдинга қўйилган 5 йиллик режага мувофиқ кўплаб инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқариляпти.

Шуни айтиш керакки, ўтган йили республикада 40 та инвестлойиҳа рўёбга чиқарилди. Туркистон вилоятида аэропорт, Ақтауда меҳмонхона мажмуаси, Ақтўбе минтақасида иссиқхоналар, Жамбил вилоятида қуёш электр станцияси қурилгани шулар жумласидан. Бу лойиҳаларни йўлга қўйишда хорижий капитал иштироки бир ярим миллиард доллардан зиёд.

Абдумалик Сарманов таржимаси