«Digital Almaty 2021 – рақамли қайта қўшилиш: янги воқелик сари сакраш»

24.kz

Қозоғистонда сунъий интеллект кластери яратилади. Бу йўналиш учун 5 йил ичида бир миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилган. «Digital Almaty 2021 – рақамли қайта қўшилиш: янги воқелик сари сакраш» халқаро форуми қатнашчиларига қилган видеомурожаатида Қосим-Жўмарт Тўқаев шуларни таъкидлаб ўтди. Давлат раҳбарининг айтишича, мамлакатда қарор қабул қилишнинг ақлли экотизимини яратишга эътибор қаратилган, соҳаларга оид катта ҳажмли маълумотлар тўплаш ҳам унинг имкониятлари жумласидан.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ушбу мақсадларда Nazarbayev University базасида Жаҳон банки билан ҳамкорликда сунъий интеллект миллий кластери яратилади. Кўпайиб бораётган ахборотдан самарали фойдаланиш учун маълумотларни қайта ишлаш марказлари тузилади.

Давлат раҳбари ушбу тадбир унутила бошланган оффлайн-тартибда ўтаётган дастлабки халқаро тадбир эканлигига эътибор қаратди. Қосим-Жўмарт Тўқаев пандемиядан кейин рақамлаштириш истиқболларини қандай кўраётганини баён этди. Унинг фикрича, коронавирус деярли барча технологик соҳаларда ривожланиш катализатори бўлди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Телетиббиёт ривожланиш учун кучли туртки олди. Булутли технологиялар янги тараққиёт даражасига чиқди, электрон ҳукумат ва масофадан таълим олиш майдончалари хизматлари кенг миқёсда ишлатила бошланди. Қозоғистонда, масалан, шу кунларда давлат хизматларининг 90 фоизи электрон форматда кўрсатилади. Бўҳрон даврида 6,5 миллион одам рақамли тизим воситасида давлат ёрдамини олди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда солиқ соҳасида блокчейн технологияси жорий этилади. Бу масалани Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳукумат раҳбарлари муҳокама қилди. Беларусь Бош вазири ташкилот аъзоларини биргаликда қўшма лойиҳа – «Ақлли шаҳар»ни рўёбга чиқаришга чақирди. Бу коммунал соҳа, транспорт, йўл инфратузилмалари соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Ануар Ахметжанов, Қозоғистон Республикаси рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири биринчи ўринбосари:

- Биз учун биринчи навбатда айнан Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тажрибаси жуда муҳим. Чунки ягона Иттифоқ доирасида қонунчилик мувофиқлаштирилган. Россия Федерацияси, Беларусь ва бошқа ҳамкорларимиз тажрибаси жуда муҳим. Лекин ўзимизда ҳам салмоқли тажриба бор. Ўтган йиллар мобайнида яхшигина натижаларга эришдик. Ушбу тажриба ҳам етарлича самарали ва қизиқарли.

 

 

×