Қозоғистонда хорижий иштирокчиси бор компаниялар сони ортмоқда

atpress.kz

Ўтган йили Қозоғистонда жами қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 25 та йирик инвестициявий лойиҳа ишга туширилди. Улар орасида  автомобиллар, техник газлар ва омихта ем ишлаб чиқарувчи компаниялар бор. Умуман олганда, сўнгги йил мобайнида республикадаги хорижий капитал иштирокида очилган компаниялар сони 11 фоизга ортди. Жами сони – 22 мингта. Шуни ҳам айтиш жоизки, мамлакат бевосита хорижий инвестициялар келиши бўйича минтақада пешқадамликни қўлдан бермай келяпти. Фақат сўнгги беш йил ичида республика иқтисодиётига 21 миллиард, мустақиллик йилларида эса 350 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди. Экспертлар фикрича, Қозоғистон бунга ҳукумат бўҳронга қарши кўраётган чора-тадбирлар ва хорижий капитал учун қулай иқлим ярата олгани туфайли эришди.

АРМАН БАЙҒАНОВ, ИҚТИСОДЧИ:

- Қозоғистоннинг устун жиҳатларидан бири – унда сиёсий барқарорлик мавжуд. Бу ҳолат ижобий таъсир кўрсатади. Яна бир ўзига хослиги, бизда инвестицияларни жалб этишга қаратилган узоқ муддатли дастурлар мавжуд. Корпоратив даромад солиғи, даромад келтирувчи кўчмас мулк учун солиқда енгилликлар бор, инвестиция киритаётган компаниялар уни тўламаслиги мумкин. Шунингдек, бизда «Астана» халқаро молиявий маркази мавжудлиги мамлакатда хорижий инвестициялар жалб этиш учун қулай, илиқ иқлим яратади.

Шуни айтиш керакки, пандемия ва қатъий карантин чекловларига қарамай, 2020 йилда «Астана» халқаро молиявий маркази кўпсонли компанияларни жалб эта олди. Пандемиягача марказда 420 ташкилот ишлаган бўлса, ҳозир улар сони 659 та. Молиявий марказ иштирокчилари давлат бюджетига салкам 6 миллиард тенге киритган.

×