Ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш чораларини кўряпти

Ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш чораларини кўряпти

Қозоғистон ялпи ички маҳсулотида кичик ва ўрта тадбиркорлик улуши 33,5 фоизга етди. Бизнесга давлат ёрдами кўрсатиш ҳукумат олдидаги асосий вазифалардан бири. Тадбиркор доиралар ҳам бу йўналишдаги миллий дастурни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритмоқда. Жумладан, «Атамекен» миллий палатаси етакчиси Раимбек Баталов Ҳукумат йиғилишида мамлакатнинг барча минтақаларида давлат ёрдамини кенгайтириш, бизнес учун онлайн хизмат кўрсатишни яхшилаш, номолиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини яхшилашни таклиф қилди. Масалан, тадбиркорларга таълим бериш тизими устида ишлаш керак. Раимбек Баталов таъкидлашича, палата жойларда бизнес муаммоларини ҳал этиш устида фаол иш юритмоқда.

Раимбек Баталов, «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси бошқарув раиси:

- Буларнинг ҳаммаси мажмуавий режа асоси сифатида кўрилиши мумкин. Бизда тажриба бор. Усуллар бўйича ёрдам кўрсата оламиз. Менимча, айнан минтақаларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастурлари етишмайди.

Ҳукуматда Тадбиркорликни ривожлантириш миллий лойиҳасида кўзда тутилган тадбирлар учун жорий йилда бир ярим миллиард тенге ажратилиши мўлжалланган. Унинг асосий қисми – бир миллиард 197 миллион тенгени бюджетдан ташқари маблағлар ташкил қилади. Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров таъкидлашича, 8 ойлик фаолият ижобий ўзгаришлар юз бераётганини кўрсатди.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Жорий йил бошидан буён бир ташкилотга бериладиган кредит миқдори 7 миллиарддан 3 миллиард тенгега камайтирилди, натижада, кўзда тутилган 4 минг 239 ўрнига жами 16,8 минг лойиҳа молиялаштирилди. Хизматлар ва қайта ишлаш саноатида янги бизнес-ғояларни рўёбга чиқариш учун 399 та лойиҳага грант берилди. «Бастау Бизнес» лойиҳаси доирасида 30 минг ўрнига 75,1 минг фуқаро таълим олишига эришилди. 12 минг кичик ва ўрта бизнес субъекти бизнес очиш ва юритиш бўйича маслаҳатлар, давлат ёрдамига эга бўлди.

Абдумалик Сарманов таржимаси