Экологик кодекс «яшил» молиялаштиришни ривожлантиради

«Яшил» молиялаштириш янги Экологик кодекснинг асосий устуворликларидан бири бўлади. Қозоғистон раҳбарияти атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш, умуман олганда, мамлакатда экологик вазиятни яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларга афзаллик бериш ниятида. Табиат учун фойдали лойиҳаларни илгари сурувчиларни қандай янгиликлар кутаётгани тўғрисида Астана халқаро молиявий марказида тушунча берилди. Мутахассислар янги қонун лойиҳасига қатор таклифларини билдирган. Масалан, унга эндиликда «яшил молиялаш», «яшил» облигациялар, «яшил» кредитлар ва бошқа тушунчалар киритилди. Бундан ташқари, эндиликда «Бизнес учун йўл харитаси-2025» дастури доирасида «яшил» облигациялар учун купон ставкаларини, «яшил» кредитлар учун фоизларни субсидиялаш механизми ишга тушади. Тадбиркорлар кредит ва облигация ставкалари бўйича 50 фоизгача субсидия олади, деб таъкидлайди Астана халқаро молиявий маркази мутахассиси Айгул Қусалиева. Унинг айтишича, жорий йилдан давлат яшил лойиҳаларни янада фаол қўллаб-қувватлай бошлайди.

АЙГУЛ КУСАЛИЕВА, АХММ «ЯШИЛ» МОЛИЯ МАРКАЗИНИНГ СТРАТЕГИЯ БЎЙИЧА ДИРЕКТОРИ:

- Шу кунларда молиявий марказ маъмурияти томонидан давлат органлари билан бирга ушбу чора-тадбирларни аниқроқ кўрсатиб берадиган қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бориляпти. Бунга субсидиялашни ҳам ўз ичига олган «Бизнес йўл харитаси-2025» қоидалари ҳам киритилади.  Дастур «Бизнес йўл харитаси-2025» асосида 5 йил мобайнида рўёбга чиқарилади. Унда дастлаб Даму умумий портфелининг 5 фоизи «яшил» лойиҳалардан иборат бўлиши кўзда тутилган. Кўрсатилган мазкур улуш вақти келиб кенгайиши ва 7-9 фоизга етишига умид қиламиз.

Механизм самарали ишлаши учун «Яшил» молия марказида таксономия – «яшил» лойиҳаларнинг ўзига хос классификатори ишлаб чиқилади. Оддий қилиб айтганда, лойиҳаларнинг экологик даражасини тушуна олиш учун талаблар рўйхати тузилади. Барча критерийларга мос бўлганлар ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқариш учун субсидия олади. Кредит иккинчи даражали банклар томонидан берилади. Янгиликлар биринчи июлдан кучга киради.