Фан ва бизнес уйғунлиги: Қозоғистонда илмий лойиҳалар қандай рўёбга чиқариляпти?

hse.ru

Фан ва бизнес биргаликда. 2020 йил мамлакатимиздаги илмталаб корхоналар учун баракали келди. Қозоғистон олимлари ноу-хауларини қўллаб-қувватлаш туфайли юртимизда 100 та янги ва тенгсиз лойиҳалар  ишга туширилди. Улардан ҳар бири ўз ғоясидан тижорий самара олиш учун Фан жамғармасидан махсус грант олди.

АРИН ЎРСАРИЕВ, «ФАН ЖАМҒАРМАСИ» ҲЖ БОШҚАРУВИ РАҲБАРИ:

- Бу лойиҳалар мутлақо турли соҳаларда. Улар қаторида қишлоқ хўжалиги ҳам бор. Масалан, чорвачилик ва зироатшунослик. Металлургия, яъни ферроқотишмалар ҳам. Машинасозлик соҳаси, металлни қайта ишлаш, янги материаллар, ҳатто нанотехнология, биотехнологиялар ҳам  бор. Лойиҳаларимиз жуда хилма-хиллигини кўриб турибмиз. Ва биз Қозоғистон фани ниҳоят маҳсулдорлигини кўрсата бошлаганидан жуда хурсандмиз. Қозоғистон маҳсулотлари экспортга йўналтирилган ва илмталаб лойиҳалар жиддий бизнесга айланиши кутилади.

Таъкидлаш жоизки, илмий лойиҳалар маҳсулоти сотувидан олинган даромад ўтган йили 8 миллиард тенгени ташкил қилди. Экспорт ҳажми 243 миллион тенге. Лойиҳаларнинг кўп қисми хорижий бозорларга муваффақиятли чиқа олди ва ҳатто йирик маблағларга узоқ муддатли халқаро шартномалар тузилди.

НУРТАС АЛИШЕРОВ, «ФАН ЖАМҒАРМАСИ» ҲЖ ЛОЙИҲА ДИРЕКЦИЯСИ ДИРЕКТОРИ:

- Бу ерда Абишев номли кимё-металлургия институти олимлари лойиҳаси тақдим этилган, улар ферромарганец ишлаб чиқаради. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, бунда алюминийдан фойдаланилади, селикомарганец туфайли эритиш таннархи анча пасаяди. Уч йилдан буён олимлар мазкур лойиҳа устида ишлаяпти ва ниҳоят Хитой компанияси билан шартнома тузилди, бугунги кунда ўз маҳсулотини экспорт қилишга тайёр.   

Деярли ҳар бир илмий лойиҳа хорижий бозорларда харидорини топиши мумкин. Ишланмаларга қўйиладиган бош критерий  - у маълум бир ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериши лозим. Умуман олганда эса кўплаб соҳа ва йўналишларда фойдали бўлиши керак. 

АЙГЕРИМ АКИМЖАНОВА, МУХБИР:

- Ушбу ускуна ишлатилган тақдирда уруғ униши кўпаяди ва ҳосилдорлиги ошади. Қозоғистонлик олим Абдумалик Аширов лойиҳаси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши ишланмалар қаторидан ўрин олди. Бу технологияни мамлакатимиз зироатчилари кенг қўллай бошлади, келажакда эса уни экспортга юбориш мўлжалланган.

Бугунги кунда ўз илмий ечимини даромадли қила олган олимлар сони 450 нафарга етди. Лекин, Фан жамғармасида айтишларича, “муҳими сон эмас, сифат”, тамойилига риоя этилади.

×