Тоғ-металлургия саноати ривожланмоқда

aikyn.kz

Қозоғистонда келгуси тўрт йил мобайнида тоғ-металлургияси соҳасида қатор инвестициявий лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. Яқин икки йил ичида Қарағанди вилоятида иккита корхона бунёд этилади. Улардан бири – соатига 1200 тонна маҳсулот чиқарадиган кўмир бойитиш фабрикаси, иккинчиси – йилига 57 минг тонна маҳсулот берувчи агломерация фабрикасига эга ферроқотишмалар заводи. Вазирлик вакиллари айтишича, улар ишга тушгач, соҳадаги инвестициявий оқимлар кучаяди ва қайта ишлаш саноатида меҳнат самарадорлиги юксалади.

ЖАНАТ ИГИСИНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҚОРА МЕТАЛЛУРГИЯ ВА КЎМИР САНОАТИ ҚЎМИТАСИ РАҲБАРИ:

- Ҳар иккала лойиҳа 2020-2025 йилларга мўлжалланган давлат дастури асосида рўёбга чиқарилмоқда. Уларга режалаштирилаётган бошқа корхоналарни ҳам киритиш мумкин. Экибастузда техник кремний чиқариш бўйича янги лойиҳа мавжуд. Рангли металл ва темир рудалари қазиб олиш бўйича қатор лойиҳалар мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам ишга туширилади. Демак, мазкур корхоналар истиқболи порлоқ.

Экспертлар фикрича, ўтган йил якунларига кўра, қайта ишлаш саноатида ижобий ўзгаришлар давом этмоқда. Масалан, металлургияда ишлаб чиқариш  2,6 фоизга, рангли металлургияда 2,8 фоизга ўсди. Тоғ-металлургия соҳаси тўлиқ экспортга йўналтирилган инвестициялар жалб этиш ҳажми жиҳатидан олганда республика соҳалари ичида пешқадамлик қилмоқда.

ЖАНАТ ИГИСИНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҚОРА МЕТАЛЛУРГИЯ ВА КЎМИР САНОАТИ ҚЎМИТАСИ РАҲБАРИ:

- Қора металлургия йўналишини кўзда тутсак, бизда асосий экспортчи «КазХром» ҳисобланади, ундаги асосий маҳсулот: ферроқотишмалар. Бугунги кунда юқори сифатли феррохром, юқори углеродли, ўрта углеродли, кам углеродли феррохром Ғарбий Европа, Шимолий Америка, Чили, Япония, Жанубий-Шарқий Осиё ва Яқин Шарққа экспорт қилинади.

×