Қайта ишлаш саноати барқарор ўсишда

Қайта ишлаш саноати барқарор ўсишда

2025 йилга бориб, Қозоғистонда нохомашё экспортини 1,5 марта ошириш кўзланмоқда. Бугунги кунда қайта ишлаш саноати ишончли ва ижобий динамикани кўрсатяпти, бу эса умидни оқлайди. Буни соҳанинг барча секторида кузатиш мумкин. Бор-йўғи 10 ой ичида соҳада 2020 йилги кўрсаткичлар билан солиштирганда, 5,3 фоиз ўсиш кузатилган. Бу ҳақда саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов маълум қилди. Унинг айтишича, жорий йилда Саноатлаштириш харитаси доирасида минтақаларда умумий суммаси 1,3 триллион тенгега тенг 139 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Дарвоқе, уларнинг 1 триллион тенге қийматидаги 83 таси фойдаланишга топширилган. Вазирлик раҳбари таъкидлаганидек, 2025 йилгача яна 500 тача янги лойиҳа амалга татбиқ этилади. Улар суммаси 13 триллион тенге. Бу қурилиш саноати, тоғ-металлургия мажмуаси, машинасозлик, кимё ва енгил саноат, фармацевтикага тегишли корхоналардир.

Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:

- Умуман, 2025 йилда янги лойиҳаларни амалга ошириш ва янги чора-тадбирлар жорий этилиши ҳисобига қайта ишлаш саноатининг йиллик ҳажми 19,7 триллион тенгега етади, ушбу соҳага киритиладиган инвестицияларнинг асосий капитали 3,5 триллион тенгега, нохомашё товарлар экспорти 21,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлади. Мураккаб технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш оширилиши, экспорт савати кенгайиши эвазига Қозоғистон иқтисодий мураккаблик бўйича жаҳон индексида 69-ўринга кўтарилади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси