Осиё Тараққиёт банки Қозоғистон йўлларини молиялаштиради

Осиё Тараққиёт банки Қозоғистон йўлларини молиялаштиради

Осиё Тараққиёт банки Қозоғистон йўлларини модернизациялаш учун 2 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди. Маблағнинг учдан бир қисми Манғистау вилояти йўлларини тузатишга йўналтирилди. Шу тариқа, инвестициявий лойиҳа доирасида минтақада 450 километр йўл қурилди. Бунинг учун 650 миллион доллар сарфланди. Бейнеу ва Ақтауни боғловчи автомагистраль ишга туширилди. Ҳозир бу манзилгоҳлар ўртасида қатнаш учун кетадиган вақт икки марта қисқарди.

Нариман Маннапбеков, Осиё Тараққиёт банкининг қозоғистондаги ваколатхонаси директори:

- Реконструкция қилингунича Бейнеудан минтақа мамлакатлари учун катта аҳамиятга эга бўлган стратегик иншоот – Ақтау портигача етиб бориш учун баъзан 12, баъзида ҳатто 14 соат вақт кетарди. Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлиги доирасида бу нарса ўз аксини топди. Яъни, янги йўлакни кенгайтириш ва ривожлантиришга эътибор берилди. Шу муносабат билан, Қозоғистон юк транзити ва ушбу порт орқали Европага ёки аксинча, Европадан Осиёга маҳсулот ташиш орқали катта фойда кўради.

Қарасай Тайлақов, ҳайдовчи:

- Албатта, йўл аввалгига қараганда анча яхши. Масалан, беш соат вақтимиз кетган йўлни ҳозир 2 соатда босиб ўтамиз. Барча хавфсизлик белгилари қўйиб чиқилган. Дам олиш жойлари, эстакадалар кўрсатилган.

Ҳозир Манаша-Шетпе, Шетпе-Ақтау, Жетибай-Жанаўзен йўналишлари ва Жанаўзен шаҳридаги ички йўлларнинг ҳаммасига 1- ва 2- категория берилган. Икки ва тўрт чизиқли трассалар ҳайдовчилар соатига 120 километр тезликда юришига имкон беради.

Женис Ермуқанов, мухбир:

- Манғистау вилояти нефтга бойлиги сир эмас. Бундан ташқари, минтақа чорвачилиги билан ҳам машҳур. Лекин катта тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситалари уй ҳайвонлари учун хавфли эмас. Янги йўл бўйлаб моллар ўтиши учун 11 та ер ости йўлаклари қурилган. Бу эса мол кўпайтириш билан шуғулланувчи маҳаллий аҳолини қувонтирмай қолмайди.

Йўл бўйига замонавий дам олиш зоналари, машина қўйиш жойлари, ёнилғи қуйиш станциялари бор. Техник хизмат, магазинлар, емакхоналар ишлаб турибди. Автойўл мультипликатив самара берди. Минтақада тадбиркорлик ривожланишига сабаб бўлди.

Гульнур Сақтағанова, тадбиркор:

- Йўлни қуришганидан кейин бизнесимиз ривожлана бошлади. Мижозларимизга айланганлар жуда кўп. Улар қаторида хорижлик туристлар бор.

Таъкидлаш жоизки, йўл ободонлаштирилиши минтақага келаётган туристлар сонини оширди. Халқаро йўлак яқинида қатор қадамжолар, тарихий жойлар мвжуд. Улар келаётган саёҳатчилар учун қизиқ. Бекет-ата ер ости масжиди ҳам улар қаторида. Бу масканни зиёрат қилувчи ватандошлар ва хорижлик зиёратчилар ҳамиша кўп.

Абдумалик Сарманов таржимаси