Қозоғистон иқтисодиётидаги пасайиш секинлашди

Қозоғистон иқтисодиётидаги пасайиш секинлашди. Республикада реал сектор ривожланиши жадаллашмоқда, бугунги шароитда саноат ишлаб чиқариши ва хизматлар соҳасида ҳам илгарилаш суръати катта. Аналитиклар фикрича, келгуси йилда ижобий кўрсаткичлар янада фаолроқ тиклана бошлайди.

САПАРБАЙ ЖУБАЕВ, ИҚТИСОДЧИ:

- Мамлакат иқтисодиётида ижобий трендлар кўзга ташланмоқда. Пандемия бошида унинг пасайиши 3,5 фоиз даражасида эди, ҳозир бу кўрсаткич 2,5 фоиз атрофида.  Келаси ой ўрталарига бориб, фаол иқтисодий ривожланиш кўзга ташланади, вакцина  чиқарилгач, ҳамма нарса ишга тушади, ташқи иқтисодий алоқалар тикланиб,  ўсиш кўзга ташланади, деб умид қиламиз. Иқтисодий ривожланиш аввало инвестициялар ва кичик, ўрта бизнесни, экспортни қўллаб-қувватлашдан иборат. Бунда аҳоли харид қуввати ҳам муҳим.

Қозоғистон валютаси курсига жаҳон бозорларидаги нефть нархи ҳам таъсир кўрсатиши сир эмас. Лекин, эксперт фикрича, келажакда қора олтин нархидаги тебранишлар сусаяди, вазият барқарорлашади. Нефть қазиб олувчи давлатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда экспортчи давлатлар талабни қондира олиши бозорда мувозанатни мустаҳкамлайди.

САПАРБАЙ ЖУБАЕВ, ИҚТИСОДЧИ:

- Жаҳонда нефтга эҳтиёж ортиб бораётгани сезиляпти. Пандемия бошида бир баррель нархи 25-30 долларгача тушганди. Ҳозир эса қора олтин баҳоси яна 45-50 доллар атрофида. Миллий валюта анча кучайди. Биз буни биржадаги савдолар натижасида кўриб турибмиз. Экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун доллар курси 420-430 тенгедан ошмаслиги лозим. 

Қозоғистон ялпи ички маҳсулотида нефть-газ соҳаси улуши ўтган йил якунларига кўра 18 фоизни ташкил қилди. Бугунги кунда соҳа компаниялари давлат бюджетига тушаётган маблағнинг тахминан 60 фоизини таъминлайди. Экспертлар фикрича, нефть бозоридаги улкан йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда Қозоғистон аввало иқтисодиётини диверсификация қилиши ва хомашёга боқимандаликдан қутулиши зарур. Айни вақтда, халқаро, айниқса, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи давлатлари билан савдо алоқаларига эътибор қаратиш зарур.