Пандемия даврида ўз-ўзини иш билан таъминлаётганлар сони ошди

Пандемия даврида ўз-ўзини иш билан таъминлаётганлар сони ошди

Ўз-ўзини иш билан таъминлаётган қозоғистонликлар сони ортди. Жорий йилда улар сони ўтган йил шу даврига нисбатан 60 минг нафарга кўпайди. Аввалги яшаш тарзи аста-секин тикланиши ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшди. Айни вақтда, пандемия даврида онлайн ишлашга ўтганларнинг салмоқли қисми иш тартибини ўзгартирмасликка қарор қилгани ҳам бунга таъсир кўрсатди, дейди мутахассислар. Кимдир янги бизнес очди, яна кимдир аввалги ишига янгича ёндаша бошлади.

Руслан Тлеубаев, Қозоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги аҳоли бандлиги департаменти директори ўринбосари:

- 2020 йил тўртинчи чорагига бориб, меҳнат бозори барқарорлаша бошлаганини кузатяпмиз. Иқтисодиёт тикланиш йўлига кирди. Меҳнат бозорининг асосий индикаторлари 2019 йил даражасига қайтди. Ўз-ўзини таъминлаётганлар сони 2019 йил 4-чораги даражасига қайтди. Бунга эса биринчи навбатда чеклов чоралари аста-секин юмшатилиши туфайли эришилди, деб ҳисоблайман.

Ўз ишини бошлаганлар орасида пойтахтда яшовчи Динара Бесбаева ҳам бор. Етакчи авиакомпаниялардан бирининг собиқ стюардессаси декрет таътилида эди. У баҳорда ишга қайтишни режалаштирганди. Бироқ пандемия туфайли кўплаб рейслар ёпилган, штатлар қисқартирилганди. Лекин у шошиб қолмади, кўпдан буён ўйлаб юрган ишини бошлади – шинам кофейня очди. Бу ишда унга бутун оиласи ёрдам берди.

Динара Бесбаева, тадбиркор:

- Аввалига кофейня очиш жуда машаққатли иш каби туюлганди. Лекин май ойига яқинлашганимизда пандемия туфайли аввалги ишга қайта олмаслигимни тушундим. Ўзим учун нимадир очиш зарур эди. Бир ой давомида ғоямизни рўёбга чиқаришга муваффақ бўлдик. Кофейня ишга тушди. Ишлар яхши кетяпти. Биринчи ойга нисбатан олсак, харидорлар сони икки марта ошди.

Айтмоқчи, умумий овқатланиш соҳаси пандемия туфайли энг кўп зарар кўрганлар сирасига киради. Меҳмонхона бизнеси ва хизматлар ҳам етарлича муаммоларга дуч келди. Лекин ҳозир кичик корхоналар аста-секин аввалги иш тартибига қайта бошлади. 2020 йилга келиб, ўзини ўзи таъминлаётганлар сони нисбатан кўпая бошлади. Мамлакатда бундайлар сони 2 миллион 100 минг нафардан зиёд. Аналитиклар фикрича, бу кўрсаткич янада ортади.

Абдумалик Сарманов таржимаси