Қозоғистонда «яшил» молиялаштириш кенгаймоқда

24.kz

Қозоғистон фаоллик билан «яшил» иқтисодиётга ўтмоқда. Атроф-муҳитни асрашга қаратилган мамлакатимиз лойиҳаларига инвестициялар ҳам жадал ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг 10 ойи давомида бундай сармоялар миқдори 129 миллиард тенгедан ошди. Бу эса 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга кўп. Аналитиклар берган маълумотга кўра, сўнгги йилларда «яшил» лойиҳаларга киритилган инвестициялар миқдори республикада ўртача 87,2 фоизга ортган. Маблағ атмосферани ифлослантирувчи чиқиндиларни йўқотиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергетика  соҳасида инновациявий лойиҳаларни ишга туширишга йўналтирилган. 

АРМАН ҚАШҚИНБЕКОВ, ИЖТИМОИЙ ИШОНЧ МИЛЛИЙ КЕНГАШИ АЪЗОСИ, БМТ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ ТАРАҚҚИЁТ ЛОЙИҲАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ РАҲБАРИ:

- ЭКСПОдан кейинги  уч йилда «яшил» лойиҳаларни, аввало, йирик ва қуввати катта энергия станциялари локомотиви сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини молиялаштириш масаласи анча енгиллашди. Лойиҳаларда кўзга ташланаётган яна бир муҳим тренд – янги «яшил» лойиҳаларни ишга туширишнинг капитал харажатлари ва қиймати кескин пасайишда давом этяпти. Сўнгги йилларда объектларни бунёд этишга сарфланган капитал ва инвестициялар 3 марта камайди. Бу уларнинг ҳамёнбоплигига таъсир кўрсатади. Гап фақат йирик лойиҳалар ҳақида кетмаяпти. Сўнгги вақтда кўпроқ молиявий ташкилотлар жалб этилган ҳолда кичик генерация лойиҳалари ҳам амалга ошириляпти.

Экспертлар айтишича, «яшил» молиялаштириш Қозоғистонда қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги янги объектлар ишга туширилишига ижобий таъсир кўрсатди, уларни жадаллаштирди. 2015 йилда  электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши  0,77 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 3 фоиздан зиёд. Гидро, шамол ва қуёш станциялари ишлаб чиқарган тоза энергия ҳажми сўнгги йилнинг ўзида 44 фоизга ортди.

×