Қозоғистонда экотуризмга 30 миллиард маблағ сарфланади

Қозоғистонда экотуризмга 30 миллиард маблағ сарфланади

Яқин йилларда Қозоғистонда 30 миллиард тенгедан зиёд инвестиция экотуризмга сарфланади. Маблағ мамлакатдаги 4 та миллий паркни ривожлантириш учун ишлатилади. Улар мамлакат фуқаролари ва хорижликларнинг оммавий дам олиш жойига айланиши кутиляпти. Алтин Эмел, Чарин, Кўлсай ва Или-Алатау табиат паркида туризм иншоотлари қурилади. Маданият ва спорт вазирлиги туризм қўмитаси раиси Дастан Риспеков мухбиримиз билан суҳбатида таъкидлашича, бу жойларда ташриф-марказлар барпо этилади, зарур маълумотлар билан бирга фойдали ва экологик тоза заминда дам олиш учун зарур ҳамма нарса берилади. Глэмпинглар, кемпинглар, кузатув майдончалари, дам олиш ва паркинг зоналари очилади. Вазирлик вакили таъкидлашича, келажакда республиканинг бошқа мусаффо табиатга эга, ажойиб манзарали ҳудудларида ҳам шундай туризм марказлари яратилади. Шуни ҳам айтиш лозимки, дастлабки ташриф-марказ мижозларни қабул қила бошлаган.

Дастан Риспеков, Қозоғистон Республикаси Маданият ва вазирлиги туризм қўмитаси раиси:

- Или-Алатау миллий паркидаги Аюсай дарасида жойлашган ташриф-марказни кўргандирсиз? Бу иншоотни инвестор бунёд этди, меҳмонларимиз бу жойга келиши, барча туристик йўналишлар билан танишиши мумкин. Шу ернинг ўзида, масалан, велосипед ижарага олиш, қўшимча хизматларга буюртма бериш, гид ёллаш мумкин.

Экспертлар билдиришича, экологик туризм туристик саноатнинг энг жадал ривожланаётган турларидан бири. Жаҳондаги дам олишга чиққанларнинг чорак қисми шу хизмат турини танлайди. Мутахассислар ҳисобига кўра, табиат билан уйғунликда дам олишни истаётганлар сони йилига 20 фоизга ортмоқда.

Басима Сарманова таржимаси