Қозоғистон локомотивлари МДҲда эътироф қозонмоқда

Қозоғистон локомотивлари МДҲда эътироф қозонмоқда

Қозоғистонда йиғилган локомотивлар яқин келажакда Ўзбекистон ва Монголияга жўнатилиши мумкин. Заводнинг экспорт режалари хусусида корхона вице-президенти Амангелди Иманалиев ҳикоя қилди. Унинг айтишича, шу кунгача 35 та тепловоз Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва бошқа қўшни давлатларга жўнатилган. Маҳсулотга талаб катта, чунки завод сифат жиҳатидан собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ягона. Бунга Европада чиқарилган ускуналар ва юқори сифатли материал туфайли эришилмоқда.

Амангелди Иманалиев, «Локомотив йиғиш заводи» ҲЖ тижорат масалалари бўйича вице-президенти:

- Ҳозир қатор давлатлар билан музокара олиб бориляпти. Шунинг учун ҳам сўнгги даврда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирдик. Яхшигина лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконияти бор. Яқин йилларда товаримизни оладиган бир неча давлат бор. Қатор тендерларда қатнашяпмиз, насиб қилса, экспортимиз географияси кенгаяди.

Шундай битта локомотив йиғиш учун 40 кун кетади. Ҳозир заводда йилига 100 тача тепловоз чиқарилади. Ишлаб чиқариш қувватлари яқин келажакда кенгайиши кутиляпти, дейди заводдагилар. Улар ўз олдига қўйган улкан мақсад – Қозоғистон локомотив паркини тўла янгилаш. Ва тез орада бунга эришилади ҳам.

Амангелди Иманалиев, «Локомотив йиғиш заводи» ҲЖ тижорат масалалари бўйича вице-президенти:

- Ҳозир бизда айнан йўловчи ташишга мўлжалланган парк фаол янгиланмоқда. Иккинчи кварталда фақат шундайларини ишлаб чиқардик, учинчи чоракда ҳам давом этамиз. Аввалига юк ташиш масаласида муаммолар бартараф қилинди, ҳозир ҳар икки йўналишда иш кетяпти.

Ишлаб чиқаришда 600 нафар одам банд. Шуни ҳам айтиш керакки, корхонада асосий маҳсулотдан ташқари, бутловчи қисмлар ҳам чиқарилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси