Мактаб формасига талаб қандай?

04.08.2022, 10:04

2023 йилдан Қозоғистонда мактаб формаси учун ягона ранг белгиланади. Бу таклиф ҳозир ота-оналар, педагоглар томонидан фаол муҳокама қилиняпти.

Жўмарт Карамбаев, Қозоғистон Республикаси маориф вазирлиги қўмита раиси ўринбосари:

- Маълум маъмурий ҳудудда мактаб формаси учун ягона ранг белгилаш таклиф қилиняпти. Мактаб формаси тикиб, сотишда қайсидир етказиб берувчига устунлик бериш қатъиян тақиқланади. Ота-оналар истаган жойидан болалари учун мактаб формаси харид қила олади.

Янги ўқув йилида Қозоғистон мактабларида формага бўлган талаб аввалгича қолади. Истасангиз қора, тўқ қизил ёки катак костюм олинг, муҳими, у классик услубда тикилиши керак. Жанжигитовлар кийим танлашда қийналмади. Шинарай ўртанча ўғли Асилжанни мактабга тайёрлаяпти, бола олтинчи синфга боради.

Шинарай Жанжигитова, кўп болали она:

-Ўғлимга қишда ва нисбатан илиқ куз кунларида кийиши учун иккита шим, оқ кўйлак олдим. Нархлар кўнгилдагидек, сифати ҳам яхши. Кўп ота-оналар учун қиммат эмас. Она сифатида мактаб формаси керак, деб ҳисоблайман.

Асилжан пойтахт магазинларидан биридан кийим олди. Бу компаниянинг Петропавловскда ўз фабрикаси бор. Корхона болалар учун 300 дан кўп турдаги кийимлар чиқаради. 

Аскер Башеев, компаниялар гуруҳи бош директори:

- Бола ҳаво ўтказмайдиган кийим кийиши керак эмас. Иссиқ ушламаса – бу ҳам ёмон, совқотиши мумкин. етарлича узоқ кийиладиган кийим бўлиши керак. Демак, бунга эришиш учун биз қандайдир янги материаллар, технологиялардан фойдаланамиз.

Фабрика олти йилдан буён мактаб формаси тикиш билан шуғулланади. Маҳсулот асосан пойтахтда сотилади. Нархлари ўртача. Бешинчи-еттинчи синф ўқувчиси учун бир жамлама 18-30 минг тенгега тушади. Магазинларда бир ҳафтадан буён савдо фаоллашди. Компания вакиллари таъкидлашича, одатда август ойи ўртасидан кейин, сентябрь бошигача харидорлар кескин кўпаяди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.