Ҳар ҳафтада 11 минг нафар хорижлик келмоқда

28.07.2022, 17:13

Қозоғистон туризмида аввал кузатилмаган ҳодиса. Жорий йил охирига қадар 700 минг хорижлик сайёҳ юртимизга келади. Маданият ва спорт вазирлиги вакиллари шундай башорат қилмоқда. Улар берган маълумотга кўра, ҳар ҳафтада республикамизга 11 мингга яқин чет эллик меҳмон ташриф буюради. Асосан бу Россия, Туркия, Ўзбекистон, Хитой ва Жанубий Корея фуқаролари. Вазирлик вакиллари Эрон ва Ҳиндистондан ҳам кўп миқдорда сайёҳ келаётганини маълум қилди. Мазкур икки давлат, шу билан бирга, КХР фуқаролари учун яқиндагина визасиз тартиб жорий этилган. Илгари бу учта давлат саёҳатчиларига юртимизда фақат 72 соат давомида визасиз туриш мумкин бўлган бўлса, эндиликда бу муддат икки ҳафтага узайтирилди. Айни пайтда, бугунги кунда 77 мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб амалда, республикамизда бу рақамни 100 га етказиш кўзда тутилган. Шу ва бошқа тадбирлар ҳисобга олинса, яқин уч йил ичида юртимиз ЯИМда туризм улушини 8 фоизгача етказишдек амбицияли мақсадни ўз олдига қўя олади, бунда ушбу соҳанинг мамлакат иқтисодиётига ҳиссаси сезиларли равишда ошади.

Дастан Рисбеков, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги саноат қўмитаси раиси:

- Йил охирига қадар ички туристлар сони 8 миллион кишини ташкил этиши кутилмоқда, бу рақамлар 2025 йилгача мўлжалланган режадаги кўрсаткичга яқинлашмоқда. Сўнгги икки йилда оммабоп йўналишлар ўзгармайди, бу, биринчи навбатда, Шучинск-Бурабай курорт зонаси, бу Туркистон, бу Манғистау курорт зонаси. Жорий йилда миллий паркларни тахминан икки миллион сайёҳ зиёрат этиши кутиляпти, бу эса ўтган йилнинг айни даврига солиштирганда, 25-27 фоиз кўп, дегани. Шунинг баробарида, сайёҳлар орасида тарихий-маданий мерос объектларини кўришша қизиқиш бор.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.