Дулат Исабеков пьесаси - Австралия театрида

14.07.2022, 16:30

2022 йил 4 октябрь. Ушбу кунда қозоқ маданияти ҳақида дунё яна бир марта гапира бошлайди. Австралиянинг Мельбурн шаҳрида «Бўрте, жаҳон подшоойими» спектакли премьераси кутилмоқда. У ватандошимиз Дулат Исабеков пьесаси асосида саҳналаштирилган. Бу ёзувчини таништириб ўтиришга ҳожат йўқ. Бизда ҳам, уммоннинг нариги томонида ҳам таниқли. Тайёргарлик ишлари давом этяпти, кастинг эълон қилинган. Бош ролни ижро этадиган актриса ким бўлиши ҳозирча номаълум.  

Дулат Исабеков, ёзувчи:

- Европа драматурглари сўнгги ўн йилликда асосий қаҳрамон сифатида кўпроқ эркакларни оляпти. Ёрқин аёл образлари йўқ ҳисоби. Ёки заиф. Бўрте эса биз учун сенсация. Чингизхон ҳақида кўп нарсани биламиз, бироқ Бўртени билмаганмиз. Улар пьесани шунчаки "Бўрте" эмас, «Бўрте, жаҳон подшоойими» деб аташибди. Бу номни мамнуният билан қабул қилдим.

Дулат Исабеков таъкидлашича, премьерада шахсан қатнашиши амримаҳол. Лекин фарзандлари хорижликлар ижросидаги «Бўрте»ни томоша қилишга боради. Ҳозирча бу режа, холос. Эртага эса Алматида ёзувчи ижодига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади. Шу жумладан, унинг швед тилига таржима қилинган «Жазирама қуёш. Муз каби шамол. Жонли дашт» тўплами тақдим этилади.  

Дулат Исабеков, ёзувчи:

- 5 та машҳур қисса ва учта ҳикоя. Уларни швед академияси аъзоси, Нобель мукофоти совриндори Бенгт Самуэльсон ўгирди.

Муаллиф хорижликлар нима учун унинг ижодига қизиқаётганининг сабабини аниқ айта олмайди. Қандайдир муваффақият калитидан хабари йўқ. Шунчаки «Транзит йўловчи» номли бир постановкаси йиллар давомида театрдан театрга кўчиб юрди. Аввал Санкт-Петербургда. Сўнгра Лондонда. Айнан шу даврда қозоғистонлик драматург ижоди учун жаҳон саҳналари сари  йўл очилди, дейиш мумкин. Энди эса Мельбурн аҳли тезроқ октябрь ойи келишини, сирли «Бўрте, жаҳон подшоойими» спектакли премьерасини кутмоқда.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.