Қозоғистонлик дизайнер жажжи миллий либослар яратяпти

24.06.2022, 10:12

Камзуллар, саукеле ва кимешеклар. Алматилик Гулнара Ҳамза бетакрор кўринишдаги, мунчоқ ва тошлар билан безатилган қозоқ миллий либосларини тикади. Лекин унинг асарлари юртимиздаги соҳибжамоллар  эмас, сувенир қўғирчоқлар учун. Дизайнер таъкидлашича, у ўзи учун мақбул ишни топган – тиккан кийимлари итальян, немис, хитой, америкалик ва австралиялик коллекционерларга маъқул келяпти. Қозоқ миллий либослари кийган қўғирчоқларни асосан Швейцария, Бельгия, Канада, Россия ва Суриядан келган туристлар харид қилади.

Гулнара Ҳамза, дизайнер:

- Ишни кичик лойиҳалардан бошладим. Турли ғоялар туғилди. Бирорта фильмда, театр постановкасида кўриб қолган нарсаларимни тикишга уриндим. Артистларнинг саҳна либосларидан нусха олдим. Жуда чиройли чиқди. Чунки қўғирчоқ образлар театр учун яратилгандек. Асосан саҳна кийимларидан илҳомланаман. Миллий илдизларимиз, асослардан чекинмайман. Классик миллий либослар тикишга интиламан. Қўғирчоқларим дунё бўйлаб тарқалиб кетяпти, улар бутун жаҳонга миллийлигимизни намойиш этишини истардим.

Хорижлик туристлар қизиқишини тушуниш мумкин, дейди Гулнара Ҳамза. Анъанавий либослар – Буюк Даштнинг кўп асрлик тарихи ва маданиятини акс эттиради. Дизайнер қўғирчоқлар кийимини қўлда тикиб чиқади, ҳар бир деталини эътибор билан яратади. Ҳатто тақинчоқлар ясайди. Чевар мураккаб либосларни тикиш 10 кунгача вақт талаб қилишини таъкидлайди. Эндиликда Гулнара кичик устахона очмоқчи. Келажакда эркаклар миллий либосларини ҳам сувенир сифатида тикишни, тақдим этишни ният қилган.

Гулнара Ҳамза, дизайнер:

- Қандайдир устахонам ишлаб турса, дейман. Битталаб ишланадиган товар бўлгани учун ҳамфикрларни топиш қийин. Эътибор билан ишлайдиган ёш қизлар жуда кам. Ҳаётимиз ҳаддан ташқари жўшқин. Сидқидилдан синчиклаб ишлайдиган одамлар кўп эмас. Бундайлар жуда кам дейиш мумкин.

Ҳозирда Гулнара Ҳамза  яна 8 та сувенир устида ишлаяпти. Улар тайёр бўлиб, хорижга жўнатилади. Борган жойида эса қозоқ анъаналаридан ҳикоя қилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.