Ёшлар учун янги илова

17.06.2022, 15:59

Эндиликда Қозоғистон ёшлари давлат лойиҳалари, грантлар, стипендиялар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни мобиль илова орқали олиши мумкин. Бундан ташқари, унда ўз билимини текшириб кўришни истовчилар учун тест тизими ўрнатилади. Мамлакатнинг турли қисмларидан бўлган, IT-мутахассислардан иборат 30 та жамоа бу лойиҳа устида икки кун ишлайди. Сўнг ҳакамлар пешқадам жамоани аниқлайди, унга хизматни илгари суриш учун 3 миллион тенге маблағ берилади. Иловани оммалаштиришда ёшларга давлат органлари ҳам ёрдам беради.

Иляс Тустиқбаев, Қозоғистон талабалар альянси раиси:

– Шунчаки иловани тайёрлаган эмас, уни интернет-дўконларда юклаш мумкин бўлган даражага етказган жамоа ғалаба қилади. Мобиль илова йил давомида тўлақонли иш бошлаши режалаштирилган. Танлов ҳар йили ўтказилади, деган умиддамиз.

Қайрат Баймулдинов, Қозоғистон Республикаси ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги ёшлар ишлари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:

- Ёшлар имкониятлари марказлари орқали иловани илгари сурамиз. Одамлар кўчириб олади. Унда давлат ёрдамига оид чора-тадбирлар акс этади. Таълим, ишга жойлашиш, ижтимоий ёрдам каби дастурларда иштирок этишни истаган ҳар бир ёш йигит-қиз ушбу илова орқали зарур маълумотларни ва тегишли иш бўйича жавобгар шахслар боғланиш рақамларини кўчириб олиши мумкин.  

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.