Пойтахтда тоғ-металлургия конгресси иш бошлади

16.06.2022, 19:17

Яқин ва олис хориж давлатлари Қозоғистоннинг геологоразведка соҳасидаги тажрибасига қизиқиш билдирди. Орасида Канада, Германия, Осиё ва Африка мамлакатлари делегатлари бўлган 13 давлат экспертлари бугун Қозоғистон пойтахтида иш бошлаган 12-тоғ-металлургия конгрессида соҳанинг энг қайноқ муаммолари ва ютуқлари  юзасидан фикр алмашяпти.

Умар Али, Камерун Республикаси тоғ-руда, саноат ва технологик тараққиёт вазирлиги бош котиби:

– Камерун жуда кўп қазилма бойликларига эга. Лекин уларни қазиб олиш ишлари кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Қозоғистоннинг бу йўналишдаги тажрибаси катта эканлигини биламиз, технологик жиҳатдан яхши ривожланган. Биз Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири ўринбосари билан учрашдик. Қатор соҳаларда ҳамкорлик имкониятларини ўргандик. Мамлакатимизга Қозоғистон компанияларини жалб этишдан манфаатдормиз. Инвестиция киритишларини, тажрибаларини баҳам кўришларини истаймиз. Тоғ-кон соҳаларини ривожлантириш ниятидамиз.

Турли мамлакатлар мутахассислари фойдали қазилмалар ва қимматбаҳо металлар қазиб олиш тажрибасини баҳам кўрди. Шуни айтиш керакки, Қозоғистон аффинажланган олтин чиқаришни 100 тоннага етказиш ниятида. Экспертлар ҳисобига кўра,  ўтган йили 66 тонна олтин қазиб олинган.

Ғани Сагиев, Қозоғистон Республикаси қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчилар ҳамжамияти ижрочи директори:

- 2021 йилда таркибида олтин бўлган руда қазиб олиш 25 фоизга ошди, концентратлар ишлаб чиқариш 16 фоизга кўпайди. Бу жуда яхши кўрсаткич. Ускуналар харид қилинди. Шу сабабли ихтиёримизда бўлган ишлаб чиқариш қувватлари кескин ортди. Жорий йилда, келгуси йилларда ҳам олтинни қайта ишловчи 5 та йирик фабрикани ишга туширамиз.

Анжуман мезбонлари сўнгги йилларда рўёбга чиқарилган мамлакатимизга доир инновациявий лойиҳаларни тақдим этди. Кўплаб технологик ноу-хаулар ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш учун хизмат қилади. Лекин одам ўрнини машина ҳеч қачон тўлиқ эгаллай олмайди. Бугунги кунда мазкур соҳада 230 минг одам меҳнат қилади. Ишлаб чиқариш жараёнида иш ўринлари хавфсизлигини таъминлаш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Женис Ермуқанов, мухбир:

- Соҳа қутқарув хизмати мана шундай иссиқлик ускуналарига эга. Ноёб қурилма қуюқ туман шароитида ҳам, кўз кўрмайдиган зимистонда ҳам авария юз берган жойда жабрланувчи борлигини аниқлаб бера олади. Камера чор-атрофни 2 соат тўхтовсиз суратга олиши мумкин. Шунингдек, қурилма қўл изларини кўрсатиб бера олади.

Мамлакат ялпи ички маҳсулотида тоғ-кон саноати улуши 9 фоизни ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, ундаги корхоналар йилига 11 триллион тенге қийматга эга маҳсулот чиқаради. Экспорт ҳажми 12 миллиард долларни ташкил қилади. Экспертлар фикрича, ҳали ўсиш учун имкониятлар мўл. Соҳа ривожланишда давом этади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.