Янги уч вилоят Қозоғистон харитасидан ўрин олди

08.06.2022, 12:59

Бугундан бошлаб янги учта вилоят Қозоғистон харитасидан жой олди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев қарорига кўра, улар Абай, Улитау ва Жетису вилоятлари деб номланди. Ҳужжат бугундан бошлаб қонуний кучга кирди.

Янги Улитау вилояти таркибига 3 шаҳар ва 2 туман киради. Минтақа маркази – Жезқазған шаҳри. Аҳолиси 200 минг кишидан зиёд. Бугунги кунда йўлларни таъмирлаш, инфратузилмаларни ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Янги минтақа иқтисодиёти саноатга йўналтирилган. Унда рангли металлургия марказлари жойлашган. Жезқазғанда мис қайта ишланади, Сатпаевда конлар бор.  Таъкидлаш лозимки, минтақага 500 нафар давлат ва куч илатиш тузилмалари хизматчилари кўчириб келтирилади.  

Нуржан Ўринбаев, давлат органларини жойлаштириш бўйича комиссия раиси:

- Жезқазған шаҳри ғарбий қисмида янги шаҳар ҳокимлиги жойлашади. У ерда 7 бино қурилади. Шунингдек, Жезқазғанга кўчиб келган давлат хизматчилари учун 162 минг квадрат метр уй-жой бунёд этилади. Айни вақтда муҳандислик инфратузилмалари яратиш учун 31 миллиард тенге керак.

Бугундуан бошлаб Шарқий Қозоғистон вилояти Семипалатинск минтақасидан айрилади. Янгидан тузилган вилоятга Семей ва Курчатов шаҳарлари, 8 та туман киради. Шарқий Қозоғистон вилояти ҳудудида Ўскемен, Риддер шаҳарлари ва 9 туман қолади. Шу тариқа, бир марказдан бошқариб келинган икки минтақа қўшни вилоятларга айланди. Оммалашган Алакўл дам олиш зонаси Абай вилоятига ўтди. Шунингдек, бой Бақирчик ва Жезкент конлари ва кенг кўламли ишлаб чиқаришлар ҳам эндиликда янги вилоят таркибига киради.

Даниал Ахметов, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими:

-  2015 йилдан бошлаб ўлкада саноат ишлаб чиқариши 5 марта ортди. Яъни, 184 миллиард тенгедан ҳозирги 898 миллиард тенгегача етди. Бундан ташқари, Ақтўғай, Бақирчиқ каби ер ости бойликлари ва Алаколнинг Абай вилоятига ўтиши минтақа иқтисодиётини кўтаришига шубҳа йўқ.

Алмати вилоятидан ажратиб олинган Жетису вилоятига 8 туман ва Талдиқўрған, Текели шаҳарлари кирди. Вилоят маркази – Талдиқўрған шаҳри. Фармонга кўра, Алмати вилояти маркази этиб Қўнаев шаҳри белгиланди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.