Сиёсат қурбонлари хотирланмоқда

31.05.2022, 10:12

Ҳар йили 31 май куни Қарағанди вилоятига қатағон қилинганлар ва адолатсиз ҳибсга олинганларни хотирлаш учун кўплаб одамлар келади. Минтақа ҳудудида сиёсий маҳбусларнинг энг йирик -  КАРЛАГ ва СТЕПЛАГ қамоқхоналари жойлашган. Шаҳардан 30 километр масофадаги Спасск мемориалига лагерда жон берганлар дафн этилган. 90-йилларнинг бошидан буён турли мамлакатлар у ерда ўз фуқаролари учун ёдгорликлар ўрнатган. Минтақадаги ҳар бир оиланинг депортация ҳақида аччиқ хотиралари бор.

Николай Апачиди, Қарағанди шаҳридан:

- У мана шу юбкада турмушга чиққан. 1956 йилгача ҳаммаси вақти-вақти билан комендатурага келиб, рўйхатдан ўтарди. Лекин маҳаллий қозоқлар муносабати мукаммал бўлган. Бошпананг бўлмаса – уйидан жой берган, борини ўртага қўйишган. Чеченлар, греклар билан қўшни эдик. Оилалар жуда катта бўларди. Ингушлар, украиналиклар келган. Нимадир пишаётган бўлса – шу томонга борардик. Ҳеч кимнинг кўкрагидан итаришмаган. Қандай егулик бор бўлса – баҳам кўришган.

Тарихий-ўлкашунослик музейида ноёб предметлар сақланиб қолган. Шулардан бири – КАРЛАГ маҳбуслари мактуби. Уни 2002 йилда Қизил овулида топиб олишган. Немисларга асир тушгани учун қамалган 7 нафар сиёсий маҳбус авлодлар учун хат қолдирган.

Адиль Тўбилов, вилоят тарих-ўлкашунослик музейи кичик илмий ходими:

- Ўз мактубида улар қаттол жазога нисбатан ўз аламини изҳор қилган. Ва бу воқеалар такрорланмаслиги учун мактубни келажак авлодга йўллаган. Муаллифларнинг кейинги тақири номаълум. Ишидаги картотекаларга кўра, уларнинг ҳаммаси маълум муддатдан сўнг озодликка чиққан. Бу хат шу кунларда ҳам долзарблигини йўқотмаган, бизда ҳозир сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация этиш бўйича комиссия ишлаяпти. Шу мактуб каби ҳужжатлар даврни тасаввур қила олиши учун комиссия аъзоларига, илмий ишлар ёзиш учун олимларга керак.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда юз мингдан зиёд одам айбсиз жазоланган, шундан чорак қисми ўлимга ҳукм қилинган. Норасмий манбалар эса бир миллиондан кўпроқ одам ахлоқ тузатиш лагерларига юборилганидан далолат беради, жазолаш учун юборилганлардан қанчаси жон бергани ҳалигача номаълум.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.